Макгрегор 69 сониялик жангда 30 млн доллар ишлади

Спорт

image

Икки вазн тоифасида UFC’нинг собиқ чемпиони, ирландиялик Конор Макгрегор UFC 329 турнирида америкалик Макс Холлоуэйга қарши жанг учун 30 миллион доллар гонорар олди. Бу ҳақда “Fight Basic” хабар берди.

Манба маълумотига кўра, Макгрегор 69 сониялик жангда 30 миллион доллар ишлаб топган. Бу ҳар бир сония учун тахминан 435 минг долларга тенг.

Жанг ғолиби Макс Холлоуэй эса мазкур баҳс учун 3 миллион доллар мукофот пулига эга бўлган.

Лас-Вегасда бўлиб ўтган асосий жанг бошланганидан атиги 69 сония ўтиб техник нокаут билан якунланди. Макгрегор баҳсни рақибининг бошига тепиш билан бошлаган бўлса-да, кўп ўтмай ўнг оёғига ноқулай йиқилди. Шундан сўнг у бир неча бор мувозанатини йўқотиб, октагонга қулади ва оёғидаги жароҳат сабаб жангни давом эттира олмади.

Кейинчалик ирландиялик жангчи сон суяги соҳасидан жароҳат олганини маълум қилди. Айни пайтда, ижтимоий тармоқларда айрим мухлислар ва таҳлилчилар унинг жанг олдидан жисмоний ҳолатига шубҳа билдиришди. Макгрегор эса баҳсгача ҳеч қандай жароҳати бўлмаганини таъкидлаб, октагонга яна қайтиш ниятида эканини маълум қилди.

UFC 329 турнирида гонорар бўйича кейинги ўринни британиялик Пэдди Пимблетт эгаллади. У асосий кардда франциялик Бенуа Сен-Дени устидан бўғиш усули билан ғалаба қозонди. Бу жанг ҳам бир дақиқадан сал кўпроқ давом этди. Пимблетт ғалаба учун 850 минг доллар, Сен-Дени эса 500 минг доллар ишлаб олди.

Маълумот учун, Макгрегор 2021 йил июль ойида америкалик Дастин Порьега қарши жангда оёғини синдириб олганидан бери MMA баҳсларида иштирок этмаган эди. Унинг профессионал фаолиятида ҳозирга қадар 22 та ғалаба ва 7 та мағлубият қайд этилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг