Мақсадимиз яшил иқтисодиётга ўтиш ва келажак авлодга тоза табиий муҳит қолдиришдир – Экопартия
Жамият
−
05 Октябрь
2241Бугун, 5 октябрь куни Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев андижонлик сайловчилар билан учрашди.
Табиат учун бирлашайлик шиори остида ўтказилган учрашувда партия фаоллари, экологлар, атроф-муҳитга бефарқ бўлмаган ёшлардан иборат 300 га яқин сайловчилар иштирок этди.
Учрашувда партиянинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш ва биохилма-хилликни сақлашга қаратилган келгуси беш йилликдаги устувор вазифалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси 2030 йилга қадар йирик шаҳарларда йўловчиларнинг велосипедда ҳаракатланиш улушини 20 фоизга етказиш, атроф-муҳитга зарар етказиш ҳисобига олинган энергия улушини камида 25 фоизга қисқартириш, саноатда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш орқали энергия сарфини 50 фоизга қисқартириш, 2030 йилгача энергия балансида экологик тоза ва қайта тикланадиган энергия манбалари улушини икки карра оширишни ўз олдига вазифа қилиб қўйгани таъкидланди.
Партия дарахтзорлар мавжуд бўлган ер майдонларини қурилиш мақсадларида реализация қилинишини қонун билан тақиқлаш, 10 ёшдан катта дарахтларни кўчириб ўтказишга бутунлай чеклов қўйиш, керак бўлса, қурилиш мақсадларида дарахтларни ноқонуний кесган тадбиркорларнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш тартибини жорий қилиш зарур, деб ҳисоблайди.
Қизил китобга киритилган ўсимликлардан фойдаланишга ва ёввойи ҳайвонларни ов қилишга муддатсиз мораторий эълон қилиш, ёввойи ҳайвонларни овлаш учун белгиланган тўлов миқдорини эса 10 бараварга ошириш кераклиги алоҳида қайд этилди.
Учрашувда сайловчиларни қизиқтирган саволларга партия раҳбари томонидан атрофлича жавоб қайтарилиб, бўлажак сайловларда Ўзбекистон Экологик партиясига ва партиядан кўрсатилган номзодларга овоз беришга чақирилди.
LiveБарчаси