Магистратурага қабулда рад этилган аризалар учун сўнгги имконият берилди

Жамият

image

2026/2027 ўқув йили учун давлат олий таълим ташкилотлари магистратурасига қабулда рад этилган аризаларни 26 август куни соат 14:00 га қадар таҳрирлаш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш мумкин. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий ўқув йили учун магистратурага қабул бўйича my.edu.uz тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтган талабгорларнинг аризалари кўриб чиқилган.

Кўриб чиқиш жараёнида айрим аризалар танланган мутахассислик талабгорнинг таълим йўналиши бўйича мос ёки турдош эмаслиги, хорижий тилни билиш бўйича сертификат мавжуд эмаслиги ёки талаб даражасига жавоб бермаслиги каби сабабларга кўра рад этилган.

Шунингдек, SAT сертификати тасдиқланмаган ёки белгиланган даражага эга бўлмагани, сўралган ҳужжат ўрнига бошқа ҳужжат юклангани ёки ҳужжатлар тўлиқ юкланмагани, хорижий тилдаги таълим дастурини якунлаганлик тасдиқланмагани ҳамда ҳужжатлар сифати талабга жавоб бермагани ҳам рад этиш сабаблари қаторида бўлган.

Аризаси шу каби камчиликлар туфайли рад этилган талабгорларга эртага, 26 август соат 14:00 га қадар электрон тизим орқали аризасини қайта таҳрирлаш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш имконияти берилган.

26 август соат 14:00 дан кейин аризаларни таҳрирлаш имконияти берилмайди. Аниқланган камчиликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган аризалар кўриб чиқилмайди.

Шу билан бирга, хорижий тилни билиш даражаси бўйича талаб этилган миллий ёки халқаро сертификатга эга эмаслиги ёки мавжуд сертификат белгиланган талабга жавоб бермагани сабабли рад этилган аризаларни қайта таҳрирлаш тавсия этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда таълимни хорижий тилда якунлаган талабалардан кейинги босқичда хорижий тил сертификати талаб қилинмаслиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг