Маҳмуд Муродов Чехияда яшаш ҳуқуқидан маҳрум бўлди
Спорт
−
05 Сентябрь
20749Ўзбекистонлик таниқли ММА жангчиси Маҳмуд Муродов Чехияда истиқомат қилиш ҳуқуқидан айрилди. Бу ҳақда “Sports.cz” хабар берди.
Манбага кўра, Муродов мамлакатда уюшган жиноятчилар билан доимий алоқа ўрнатгани оқибатида унга нисбатан Чехия суди мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини қўллаган.
Муродов суд ҳукмидан кейин Чехияни тарк этиши керак, шунингдек, қўшиқчи Моника Багарова билан тарбиялаётган қизи билан ҳам шахсий алоқани йўқотади. Бу унинг маҳаллий шароитда ММА ўйинларига тайёргарлигига ҳам зарба бўлди, чунки у фақат июнь ойида Octagon MMA ташкилотига қайтди ва ташкилотда 21 сентябрь куни Брнода илк жангини ўтказиши керак.
34 ёшли Муродов ҳозирда бўлажак жангига Польшада тайёргарлик кўрмоқда.
ОАВ Муродов билан боғланганида ҳозирда у билан ҳаммаси яхшилигини, суд ҳукми бўйича аппеляцияси эса рад этилганини билдирди.
Қайд этиш жоиз, Маҳмуд Муродов шу йил май ойида UFCʼдаги жангларини бекор қилавергани боис, ташкилотдан четлатилганди. У июль ойида Octagon MMA лигаси билан шартнома тузди.