Маҳкумларга олий таълим олиш имконияти берилади
−
12:05 159 2 minutes
Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотларига кириб, масофавий шаклда тўлов-контракт асосида ўқиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 16 ноябрдаги “Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка тайёрлаш ва ижтимоийлашувини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, 2027/2028 ўқув йилига қадар жазони ижро этиш муассасаларида 310 та ўқув ва 420 та амалий машғулотлар хонасини ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, 2030 йилга қадар меҳнат бозори талабларига мос камида 50 та касб бўйича ўқув дастурлари жорий этилади. Ҳар йили камида 15–20 минг нафар маҳкумни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, уларни касбга тайёрлаш орқали такрорий жиноятчилик даражасини 30 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.
“Янги ҳаёт” дастури доирасида олий таълимга қабул қилинган маҳкумларнинг масофавий шаклда ўқиши учун колонияларда видеоконференцалоқа воситалари билан жиҳозланган хоналар ажратилади.
Бундан ташқари, ёш маҳкумлар орасидан сайлов йўли билан ёшлар фаоллари танланади. Улар ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида рағбатлантирилади.
Барча колонияларда маҳкумлар ўртасида масофавий шаклда “Ёш китобхон” танлови ташкил этилади. Шунингдек, колониялар кутубхоналарида “Мутолаа” платформасидан фойдаланиш имконияти яратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда энди маҳкумлар ўқиган ҳар бир китоб учун уларнинг жазо муддати 3 кунга қисқариши ҳақида хабар берилган эди.
Live
AllShavkat Mirziyoev Ummonga bordi
16 November
Bangladeshda tikuvchilar ish tashlamoqda
16 November