Лукашенко ўзбекистонликларга кўпроқ маош учун Россияда ишлашни тавсия қилди (видео)
Local
−
22 July 9994 3 minutes
Беларусь Президенти Александр Лукашенко Беларусга юқори маош топиш умидида бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга Россияда ишлашни тавсия қилди. Бу ҳақда у кеча, 21 июль куни 2026 йилги ҳосил йиғим-терими кампаниясига бағишланган селектор йиғинида гапирди.
Унинг айтишича, Беларусга бораётган ўзбекистонлик ишчилар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун жалб қилинади ва уларнинг даромади меҳнат унумдорлигига боғлиқ бўлади.
Лукашенконинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ундан, аввало, Беларусдан гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб беришни кўпайтиришни сўраган. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ер ва сув ресурслари етарли эмас, Беларусда эса бу имкониятлар мавжуд. Шу боис, томонлар Ўзбекистондан ишчиларни Беларусь қишлоқ хўжалигига жалб этиш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Ўзбекистон бозорига етказиб беришга келишилган.
“Агар сизнинг фуқароларингиз биз ишлаб чиққан тизим бўйича келса, уларни ўз одамимиздек ишга оламиз. Улар бу ерга нафақат пул топиш ва яхши маош олиш учун, балки гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун келади. Маҳсулот ишлаб чиқарилади, кейин уни Ўзбекистон бозорига сотамиз. Қанча кўп маҳсулот ишлаб чиқарса, шунча кўп маош олади”, деган Лукашенко.
Шунингдек, у Беларусга ойига бир неча минг доллар миқдорида маош топиш мақсадида боришни режалаштираётган ўзбекистонликларга Россияда ишлашни тавсия қилган.
“Агар кимдир Беларусга катта пул топиш учун келмоқчи бўлса, яхшиси Россияга борсин. У ерда нефть конлари ва бошқа соҳаларда ишлаб, анча юқори маош олиши мумкин”, деган Беларусь Президенти.
Лукашенконинг айтишича, Ўзбекистондан Беларусга ишлаш учун келадиган фуқаролар Беларусликлар билан тенг равишда соғлиқни сақлаш ва таълим каби ижтимоий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга, у маҳаллий ҳокимиятлар ва корхоналар хорижлик ишчиларни жалб қилиш ёки қилмаслик масаласини мустақил ҳал қилишини, бунга ҳеч ким мажбурланмаслигини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Беларусда ишчи кучи тақчиллиги кузатилаётгани боис мамлакат Президенти Александр Лукашенко аввалроқ ўзбек оилаларини Беларусга кўчиб келиб, ишлаш ва яшашга таклиф қилганди. Шунингдек, у мамлакатга меҳнат мигрантларини жалб этиш тартиби ҳамда уларга қўйиладиган талабларни ҳам очиқлаган эди.
Қайд этиш жоиз, Лукашенконинг ушбу баёноти Беларусь Республикасига ишлаш учун борган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларининг даромад ва меҳнат шароитлари масаласида Андижон вилояти ҳокимига йўллаган мурожаати тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлгани фонида янгради. Видеомурожаатда фуқаролар Беларусда иш берувчи томонидан таклиф қилинган 500 долларлик ойлик ўта камлиги ҳамда бу шароитда хорижда ишлашдан кўра, Ўзбекистонга қайтиб, меҳнат қилиш маъқул эканини айтганди.
Кейинроқ маълум бўлишича, фуқароларнинг Беларусга ишга юборилиши Андижон вилояти ҳокимлигининг пилот лойиҳаси ҳисобланади. Иш бўйича шартларни Андижон вилояти ҳокимлиги эълон қилган ва маҳаллий ҳокимликлар орқали одамларни йиғган. Беларусга ишга борган 200 нафар одамнинг ҳаммаси битта жойда ишламайди ва ҳар хил иш берувчиларга бўлиниб кетган. Шу сабабли ҳамма иш берувчида ойлик маош, вакансия, яшаш ва ишлаш шароитлари ҳар хил.
Шунингдек, ушбу воқеалар фонида Беларуснинг Витебск шаҳрида Миграция агентлиги ваколатхонаси очилиши белгиланди ва инвестиция ва ташқи савдо масалаларига бефарқлиги айтилиб, Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Раҳматулла Назаров лавозимидан озод этилди.
Live
All