Лукашенко Кўксаройда тантанали кутиб олинди
Жамият
−
08 Февраль
5540“Кўксарой” қароргоҳида бугун, 8 февраль куни Беларусь резиденти Александр Лукашенкони расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон ва Беларусь байроқлари билан безатилган майдонда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони самимий кутиб олди ва шоҳсупага таклиф қилди. Икки мамлакат мадҳиялари янгради.
Мирзиёев ва Лукашенко фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади.
Биргаликда суратга тушилгач, олий даражадаги музокаралар бошланди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 7 февраль куни Лукашенко Ўзбекистонга келган, уни Тошкент халқаро аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов кутиб олганди. Шундан сўнг Президент Мирзиёев Лукашенко билан бирга хоккей ўйинини томоша қилишга “Ҳумо Арена” муз саройига борди. У ерда олий мартабали меҳмонларга уларнинг исмлари туширилган хоккей кийими топширилди. Бугун, 8 февраль куни Лукашенко Бош вазир Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига бориб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
LiveБарчаси