Лукашенко ҳам Санкт-Петербургга жўнаб кетди
Олам
−
25 Декабрь 2023
5595Беларусь резиденти Александр Лукашенко Евросиё иқтисодий иттифоқи ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги саммитларида иштирок этиш учун Санкт-Петербургга амалий ташриф билан жўнаб кетди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.
“Александр Лукашенко 25 декабрь куни Санкт-Петербургда Олий Евросиё иқтисодий кенгаши мажлисида, 26 декабрь куни МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этади”, дейилади хабарда.
ЕОИИ саммити кун тартибига 20 дан ортиқ масала киритилган бўлиб, улар иттифоқдаги интеграция жараёнларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, халқаро фаолият, макроиқтисодий сиёсат, тўсиқларни бартараф этиш бўйича ишлар, иттифоқ ички бозоридаги имтиёзлар ва чекловларни қисқартириш билан боғлиқ.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида Москвада бўлиб ўтган Олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишида Лукашенко Россия раислигининг 2030 йилгача, шунингдек, 2045 йилгача Евросиё интеграциясини ривожлантириш бўйича янги стратегияни шакллантиришга ёндашувларни белгилаш ташаббусини қўллаб-қувватлаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам ЕОИИ ва МДҲ саммитларида қатнашиш учун Санкт-Петербургга жўнаб кетганди. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров эса кеча, 24 декабрь куни Санкт-Петербургга етиб борган.
LiveБарчаси