“Лолазор” қандай пайҳон бўлган? Администрациягача етиб борган ноқонуний қурилиш муаммоси
Жамият
−
01 август 7492 5 дақиқа
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг Миробод туманидаги “Лолазор” маҳалласига ташрифидан сўнг воқеалар ривожи мутлақо бошқа ўзанга бурилди. Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Миробод туман бўлинмаси пойтахт марказидаги қимматбаҳо ерни давлат-хусусий шерикчилик баҳонасида шубҳали МЧЖга қандай ўтказиб берди? QALAMPIR.UZ бу борада маълумотларни жамлади.
Жорий йилнинг 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Миробод туманидаги Миробод кўчаси 27/12А манзилида жойлашган “Лолазор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига борганди.
Ўрганишлар давомида, мазкур манзилдаги эски маҳалла идораси ўрнида 2026 йил июль ойидан бошлаб беш қаватли нотурар объект қурилиши бошлангани маълум бўлди. Лойиҳа Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Миробод туман бўлинмаси ҳамда “AL-LATIF HEARST TOWER” МЧЖ ўртасида 2023 йил 24 ноябрда тузилган шартнома асосида амалга оширилган. Бинонинг биринчи қаватда маҳалла идораси, юқори тўрт қаватида эса бизнес маркази жойлаштирилиши режалаштирилган.
Қурилиш майдони эски маҳалла биноси ортидаги болалар майдончасини ҳам қамраб олгани, ҳудуд махсус деворлар билан ўраб қўйилгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан “Лолазор” маҳалласи аҳолиси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига мурожаат қилган. Шу муносабат билан Саида Мирзиёева маҳаллага ташриф буюриб, вазиятни ўрганди ва маҳалла идорасининг бузилиши қонунийлиги юзасидан текширув ўтказиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
-Recovered-Recovered-Recovered-Recovered-Recovered.jpg)
Қурилиш қандай ҳужжатлар асосида амалга оширилган?
QALAMPIR.UZ’га берилган маълумотларга кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан 2023 йил 26 октябрда “AL-LATIF HEARST TOWER” МЧЖга Миробод кўчаси 27/12А манзилидаги мавжуд нотурар объектни реконструкция қилиш ва ҳудудида қўшимча бино қуриш учун рухсатнома берилган.
Рухсатномада бир қатор шартлар белгиланган. Жумладан:
- шаҳарсозлик, санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш;
- муҳандислик тармоқларини муҳофаза қилиш ёки зарур ҳолларда кўчириш;
- Миробод кўчасидаги 27/4, 27/5, 27/6, 27/7 ва 27/8-уйларда яшовчи аҳоли розилигини олиш;
- экология, санитария хизмати ҳамда Фавқулодда вазиятлар хизмати хулосаларини расмийлаштириш.
Рухсатнома икки йил муддатга берилган бўлиб, белгиланган талаблар бажарилмаган ёки қурилиш ўзбошимчалик билан амалга оширилган тақдирда унинг амал қилиш кучи бекор бўлиши назарда тутилган.
Шунингдек, лойиҳа бўйича Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2025 йил 14 февралдаги ижобий хулосаси ҳам олинган. Бунда электр, газ ва сув тармоқлари бўйича техник шартлар ҳам олинган, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объект давлат рўйхатидан ўтказилган.
Бундан ташқари, 2026 йил 24 февралда ўтказилган йиғилиш баённомасида атрофдаги уйлар аҳолиси розилик билдиргани қайд этилган.
-Recovered-Recovered-Recovered-Recovered-Recovered(1).jpg)
Компания ҳақида нима маълум?
Очиқ давлат реестрлари маълумотларига кўра, “AL-LATIF HEARST TOWER” МЧЖ 2021 йилда давлат рўйхатидан ўтган. Компаниянинг устав капитали 171 миллион 500 минг сўмни ташкил этади.
Компания раҳбари сифатида Бобурмирзо Бахтиёрович Латипов кўрсатилган. Очиқ маълумотларга кўра, унинг номида жами 5 та МЧЖ мавжуд. Уларнинг устав капитали 3-4 миллион сўмдан бошланиб, энг баланд фонди 200 миллион сўмни ташкил этади ва уларнинг барчаси фаол мақомда сақланмоқда.
Айнан шу компания Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Миробод туман бўлинмаси билан давлат-хусусий шериклик асосида шартнома тузиб, маҳалла идораси ҳудудида беш қаватли нотурар объект қурилишини бошлаган.
Қурилиш режасига кўра, бинодан фақат биринчи қават маҳалла идораси сифатида фойдаланилади. Қолган қаватлар эса бизнес марказига айлантирилиши белгиланган.
-Recovered-Recovered-Recovered-Recovered-Recovered(2).jpg)
Давлат-хусусий шериклик ёки қиммат ердан тижорат?
“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Миробод туман бўлинмаси ҳамда “AL-LATIF HEARST TOWER” МЧЖ давлат-хусусий шериклик механизми орқали маҳалла идорасини реконструкция қилиш асосида мазкур объект қурилишини бошлаган.
“Маҳалла” фонд туман бўлинмасининг раиси Абдумурод Азизов тадбиркор Бобурмирзо Латиповга ер ажратишни Президентнинг 2023 йил 21 декабрда қабул қилинган ПҚ-402-сонли қарори асосида амалга оширган кўринади.
Қарорнинг 11 бандида, маҳалла идоралари учун ягона намунавий ва ихчам бинолар лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Аммо мазкур қарор маҳалла бинолари ҳудудида кўп қаватли тижорат объектлари қурилишини назарда тутадими ёки йўқми, бу масалага расмий изоҳ берилмаган.
-Recovered-Recovered-Recovered-Recovered-Recovered(3).jpg)
Текширув бошланган
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг “Лолазор” МФЙга ташрифи давомида пойтахтда шаҳарсозлик талаблари, дизайн кодлар, яшил ҳудудларни сақлаш ва аҳоли манфаатларини инобатга олиш зарурлигини билдирди. Шунингдек, қурилиш жараёнида қонун бузилишига йўл қўйилган бўлса, масъуллар қонун олдида жавоб бериши лозимлигини таъкидлади.
Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари прокуратура органлари томонидан олиб борилмоқда.
Шундан сўнг, QALAMPIR.UZ Республика Бош прокуратураси матбуот хизмати билан боғланди аммо Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ бермади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса барча масъулиятни туман ҳокимлигига юклаб, саволларга тумандан жавоб топишимиз мумкинлиги билдирди. Миробод туман ҳокимлиги эса “AL-LATIF HEARST TOWER” МЧЖга ер майдони ажратиб бериш ҳақида ҳеч қандай қарор чиқармаганини маълум қилди.
Шунингдек, таҳририят қурилиш ишларини олиб бораётган МЧЖ билан ҳам боғланишга уринди. Бироқ, очиқ манбаларда келтирилган “AL-LATIF HEARST TOWER” МЧЖга тегишли бўлган телефон рақамлари орқали алоқа ўрнатишнинг имкони бўлмади. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, агар қурилиш компанияси бирор маълумот бермоқчи бўлса, таҳририят улар учун ҳам очиқлигини билдиради.
Бу ерда яна бир муҳим савол туғилади. Миробод туманидаги мазкур манзил пойтахтнинг энг қиммат локацияларидан бири ҳисобланади. Давлат-хусусий шериклик шартномаси қандай танлов асосида тузилган? Тендер ўтказилганми? Бошқа инвесторлар иштирок этганми? Бу саволларга ҳозирча расмий жавоб йўқ.
Бундан ташқари, болалар майдончасининг қурилиш ҳудудига қўшиб юборилишига ҳуқуқ берганми ёки йўқ, бугун текширувчилар аниқлаши керак бўлган асосий масалалардан бири ҳисобланади.
Live
Барчаси