Лочин йўлагидаги вазият кўп ойлик ҳаракатсизлик оқибати – Россия ТИВ
Олам
−
24 Апрель 2023
6394Озарбайжон томонидан Лочин йўлагида назорат-ўтказиш пункти ўрнатилгани, Арманистон эса Россияни вазиятга аралашишга чақирганидан сўнг Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот берди. Ҳужжат вазирлик сайтида эълон қилинди.
Унда расмий Москва (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги Россия тинчликпарвар контингенти масъулияти зонасидаги, Арманистон-Озарбайжон қўшилиш чизиғидаги, шунингдек, Баку ва Ереван ўртасидаги вазиятдан жиддий хавотир билдирган.
Баёнотда ўт очишни тўхтатиш режимини бузиш ва ҳар икки томондан мунтазам равишда қурбон бўлишига олиб келадиган турли ҳодисалар сони ортиб бораётгани қайд этилган.
“23 апрелдаги воқеаларнинг сўнгги ривожланиши контекстида биз Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг 2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама баёнотининг асосий қоидаларини бузувчи ҳар қандай бир томонлама қадамлар қабул қилиниши мумкин эмаслигини алоҳида таъкидлаймиз”, дейилади ТИВ хабарида.
Россия томонларни зудлик билан мавжуд келишувларга қайтишга чақирган. ТИВ ҳар қандай ҳолатда ҳам маҳаллий аҳоли жабр кўрмаслиги, уларнинг яшашига ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги керак деган фикрда эканини билдирган.
“Бизнинг фикримизча, юзага келган кўплаб муаммолар кўп ойлик ҳаракатсизлик натижасидир. Шунингдек, Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари ўртасидаги уч томонлама келишувларнинг асосий йўналишлари, жумладан, транспорт блокировкасини олиб ташлаш, минтақадаги коммуникациялар, Арманистон-Озарбайжон чегарасини делимитация қилиш жараёнини бошлаш ҳамда Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик шартномаси параметрларини мувофиқлаштириш бўйича прогресс йўқлиги ҳам бунга сабаб бўлган. Умид қиламизки, Баку ва Ереван сиёсий ирода кўрсатиб, яқин келажакда бу салбий тенденцияни бартараф эта олади”, дейилган баёнотда.
Россия томони Озарбайжон ва Арманистонга ҳам сиёсий даражада, ҳам Россия тинчликпарвар контингенти қўмондонлиги иштирокида барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр экани айтилган.
Шунингдек, Россия Ғарб ўйинчилари ва уларнинг оппортунистик кун тартиби устида ишлаётган маҳаллий русофобик кучларни вазиятни кескинлаштиришга ҳаракат қилиш, шу жумладан, Россияга қарши қораловчи кампаниядан огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Лочин йўлагига Озарбайжон томонидан назорат-ўтказиш пункти ўрнатилиши ортидан Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияни вазиятга аралашишга чақирганди. Бу орада АҚШ Ереван ва Бакуга музокараларни давом эттиришда ёрдам беришга тайёр эканини билдирганди.
LiveБарчаси