Ливия янги “Сурия”ми? Минтақага АҚШ ва Россия кучлари тўпланмоқда
Олам
−
30 Май 2020
13764АҚШ Шимолий Африкада Россияга қарши туриш учун Тунисга ўз қўшинларини юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда АҚШ қуролли кучлари Африка қўмондонлиги маълум қилди.
"Россия Ливия можароси алангасини ёқишда давом этар экан, Шимолий Африкадаги минтақавий хавфсизлик бизни жиддий ташвишга солмоқда", дейилади баёнотда.
Баёнотда ушбу минтақада хавфсизликни таъминлаш учун Ливияга чегарадош бўлган Тунисга қўшин киритилишини кўзда тутилгани маълум қилинди.
"Биз Тунис билан ўзаро хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишнинг янги усулларини, жумладан, минтақада хавфсизликни таъминлаш учун ҳарбийларимиздан фойдаланишни кўриб чиқмоқдамиз", дейилади баёнотда.
Аввалроқ, АҚШнинг Африка қўмондонлиги разведка бошқармаси бошлиғининг ўринбосари генерал Грегори Хедфилд, журналистларга Россия бу мамлакатда ўзига таянч ҳудуд тайёрлаш учун Ливияга жанговар самолётларни топшираётганини айтганди.
Халифа Ҳафтар қўмондонлигидаги Ливия миллий армияси ва Россия вакиллари Ливиядаги рус жанговар самолётлари ҳақидаги хабарларни расман рад этишди.
Маълумот учун, 2011 йилда Муаммар Қаззофи ўлдирилганидан кейин Ливия ягона давлат бўлмай қолди. Ҳозир ҳам мамлакатда қўшҳокимиятчилик мавжуд. Шарқда парламент бошқаруви, пойтахт Триполида БМТ ва Европа Иттифоқи кўмагида шакллантирилган Фази Саррож бошчилигидаги Миллий бирдамлик ҳукумати бошқарувни амалга оширади.
Мамлакат шарқидаги ҳокимият вакиллари Триполидан мустақил фаолият олиб боради ва Халифа Ҳафтар билан ҳамкорлик қилади. Халифа Ҳафтар 2019 йил апрель ойидан бери Триполини эгаллашга ҳаракат қиляпти.
Бугунгача Ливияда уруш ҳаракатини тўхтатиш учун ҳаракат қилинди. Хусусан, Россия ва Туркия Саррож ва Ҳафтарни музокаралар столига олиб келди. Бироқ ЛМА қўмондони якуний битимни имзолашдан бош тортди.
Аввалроқ, Халифа Ҳафтар Ливия ҳокимияти унинг қўлига ўтганини ва ҳарбий ҳаракатлар тўхтаганини эълон қилган эди.