Ливия соҳилларида камида 15 нафар муҳожирнинг жасади топилди

Олам

image
Ливиянинг шарқий соҳилларида сўнгги бир ҳафта ичида камида 15 нафар муҳожирнинг жасади қирғоққа чиқиб қолди. Бу ҳақда мамлакатнинг хавфсизлик, денгиз флоти ва тиббиёт манбаларига таяниб, “Reuters” хабар қилди.

Нашрнинг ёзишича, жасадлар Миср чегараси яқинида жойлашган Тобрук шаҳри соҳилларининг турли нуқталаридан топилган. Икки нафар хавфсизлик хизмати ходими жасадлар анча чириб кетганини билдириб, соҳил бўйлаб яна бошқа қурбонлар топилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Тобрук Қизил Яримой жамияти Facebook саҳифасида эълон қилинган суратларда ҳимоя кийимларини кийган кўнгиллилар тошлоқ соҳиллардан жасадларни йиғиб, махсус оқ халталарга жойлаштираётгани акс этган.

Маълумот учун, 2011 йилда Муаммар Каддафий ҳокимияти ағдарилганидан кейин Ливия Европа томон йўл олган муҳожирлар учун асосий транзит нуқталардан бирига айланган. Қуролли можаролар, қашшоқлик ва иқтисодий қийинчиликлардан қочаётган минглаб одамлар ҳар йили Саҳрои Кабир орқали Ливияга боради ва кейин хавфли Ўрта Ер денгизи орқали Европа соҳилларига ўтишга ҳаракат қилади.

Шу билан бирга, нефтга боғлиқ Ливия иқтисодиёти ҳам иш излаб келаётган муҳтож муҳожирларни жалб қилиб келмоқда. Айрим ҳолатларда эса бу сафарлар фожиа билан якунланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бангладеш ҳудудидан муҳожирлар билан бирга йўлга чиққан кема Андаман денгизида чўкиб кетиши оқибатида 250 дан ортиқ муҳожир бедарак йўқолган эди.
 

Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг