Ливия ҳам Ғазога гуманитар ёрдам ортилган кема юборди
Олам
−
30 Март
3015Бугун, 30 март куни Ливия Ғазога гуманитар ёрдам юборди. Бу ҳақда Халқаро Ғазони қутқариш кампаниясининг ижтимоий медиа сайтига таяниб, "Anadolu" агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ливиянинг инсонпарварлик ёрдами ортилган кемаси аввал Мисрнинг Эль-Ариш портига етиб боради, шундан сўнг гуманитар юк қуруқлик орқали Ғазога етказилади. Унинг бортида 1200 тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган бўлиб, ҳозирда кема Ғазо сектори томон йўл олган.
Айтилишича, бортда Мисурата муниципалитети ва Ливия Қизил Ярим Ой жамияти аъзолари ҳам бор, улар гуманитар юкни эксклавга етгунча кузатиб боради.
Хабарда айтилишича, 1200 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдамининг тўпланиши Триполи Мисурата, Злитен ва Завия каби шаҳарлардаги нодавлат ташкилотлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.
“Ливия Қизил Ярим Ой ва Миср Қизил Ярим Ой жамияти Ғазога гуманитар ёрдам етказиш учун зарур бўлган барча тегишли тартибларни бажарди”, дейилади бу ҳақдаги баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Арманистон Ғазо секторига салкам 30 тонна гуманитар ёрдам пакетини тайёрлагани ҳақида хабар бергандик.
Мадина Отабоева
LiveБарчаси