Ливанда тартибсизлик: Байрут отишмалар ичида қолди (фоторепортаж)

Олам

image

Бугун, 14 октябрь куни Ливан пойтахти Байрутда бошланган норозилик намойишлари отишмага айланиб кетди. Бу ҳақда ТАСС маҳаллий ОАВга таяниб, ёзмоқда.

Ливан шиаларининг “Амал” ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатлари тарафдорлари Адолат саройи олдидаги майдонда оммавий юриш амалга оширди. Бу эса отишмага айланиб, оқибатда 6 киши ҳалок бўлиши ҳамда 60 га яқин одам яраланишига олиб келди. 

Маълум бўлишича, отишма мухолиф “Ливан кучлари” “Амал” ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатлари билан тўқнашиши ортидан келиб чиққан. Тартибсизликлар бинолардан биридан ўқ узган снайпер томонидан қўзғатилган.

Расмийлар бунга қандай муносабат билдирмоқда?

Вазият жиддий кўриниш олгач, Ливан армияси ҳарбийлари жараёнга аралашган. Улар Twitter орқали қурол билан юрган ҳар кимга ўт очилишини эълон қилди. Армия, шунингдек, Байрут кўчаларига зирҳли машиналарни жойлаштириб, одамларни хавфли ҳудудларни тарк этишга чақирди. Айни вақтда отишма тўхтаган. Бироқ, ҳарбийлар қуролланган одамлар бўлиши мумкин бўлган яқин атрофдаги биноларни қидирмоқда ва атрофдаги уйларнинг томларини кўздан кечирмоқда.

Ўз навбатида, Ливан Бош вазири Нажиб Микати аҳолини хотиржам бўлишга ва “мамлакатни фуқаролик низолари эгалаб олишига йўл қўймасликка” чақирди. Бундан ташқари, “Ҳизбуллоҳ” ва “Амал” ҳам ўз тарафдорларини тинчланишга чақирган. Шу билан бирга, улар армиядан намойишчиларга ўқ узган мерганларни тўхтатишни сўраган.

Ушбу акцияларга нима сабаб бўлди?

Шиа партиялари 2020 йил 4 августдаги порт портлашлари бўйича тергов комиссиясини бошқарувчи судья Тарек Битарнинг ишдан олинишини талаб қилмоқда.

Битар ҳозирда депутатлик дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган собиқ вазирларни сўроқ қилишни режалаштирган, кейин ҳатто жиноий бепарволик айблови билан уларни ҳибсга олишга ордер берган.

Шиа ҳаракатлари эса Байрутнинг катта қисмини вайрон қилган портлаш қасддан қилинган фитна оқибатида содир бўлган, деб ҳисоблайди. Ливан шиаларига кўра, бугунги отишмалар ортида ҳам худди шу кучлар турибди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 4 августда Ливан пойтахти Байрутда йирик портлаш юз берганди. Мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бандаргоҳнинг кули кўкка совурилди. Бандаргоҳда бир неча йиллардан бери сақланиб келган 2750 тонна аммиакли селитра портлади. Унинг кучи 3,3 балли зилзилага тенг бўлди.

Фото: Байрутдаги портлаш оқибати. 2020 йил

Фожиа оқибатида бандаргоҳ вайрон бўлишидан ташқари, 200 нафарга яқин одам ҳалок бўлди. 6 мингдан ортиқ одам жароҳатланди. Шаҳарнинг ярми портлашдан зарар кўрди. 300 минг одам бошпанасиз қолди. Моддий зарар миқдори 15 млрд долларга баҳоланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ливан Байрут

Баҳолаганлар

156

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг