Ливанда 2 йил вакант турган Президент лавозимини Жозеф Аун эгаллади

Олам

image

Ливан икки йилдан ортиқ ҳокимият бошлиғи ва сиёсий инқироздан сўнг Президентни сайлади. Ливан Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Жозеф Аун парламентдаги овоз беришнинг иккинчи босқичидан сўнг мамлакатнинг 14-Президенти бўлди.

Аун номзодини 99 нафар депутат қўллаб-қувватлади, икки нафари қарши овоз берди, яна 18 нафари эса бетараф қолди.

Мамлакат қонунларига кўра, олий давлат лавозимига сайланиш учун 128 ўринли парламентда камида учдан икки қисми овозини олиш, яъни камида 86 депутатнинг қўллаб-қувватлашига эришиш керак. Парламентдаги овоз беришнинг биринчи босқичида 71 депутат Аун учун овоз берди.

Президент сайлови учун овоз бериш икки йилдан ортиқ танаффусдан сўнг бўлиб ўтди. Ливан парламентининг республиканинг янги президентини сайлаш бўйича аввалги сессияси 2023 йил 14 июнь куни бўлиб ўтди. Бу мамлакатда давлат раҳбари узоқ муддатга сайлана олмаган биринчи ҳолат эмас.

Ливан конституциясига кўра, мамлакатдаги олий давлат лавозимини фақат мароний насроний эгаллаши мумкин. Илгари сиёсий блоклар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли янги президент номини аниқлашнинг имкони бўлмаган. Собиқ президент Мишель Аун 2016 йилда парламентнинг 46-сессиясида сайланган.

Парламент ўринлари конституциявий равишда диний ва конфессияларга кўра бўлинган Ливанда кўплаб фракциялар фаолият юритади. Шиалар, суннийлар, маронитлар, насронийлар ва друзлар каби турли конфессия ва диний жамоалар манфаатларини ифодаловчи партияларнинг кўплиги туфайли парламентда кўпчилик овоз тўплай оладиган ягона номзод бўйича консенсусга эришиш қийин. АҚШ, Франция, Саудия Арабистони ва Эрон каби ташқи кучлар аралашиб, бир ёки бир нечта гуруҳларни қўллаб-қувватлашини билдирса, вазият янада чигаллашади.

Ливан ҳукуматининг юқори лавозими президент Мишель Ауннинг ваколат муддати тугаган 2022 йил 31 октябрдан бери вакант эди.

Турли сиёсий гуруҳлар ўз рақиблари таклиф қилган номзодларга қарши чиқиб, президентлик сайловларига тўсқинлик қилди. "Ҳизбуллоҳ" тарафдори ва "Ҳизбуллоҳ"га қарши сиёсий блоклар ўртасидаги рақобат туфайли парламентнинг аввалги 12 йиғилишида янги президент сайлана олмади. 2023 йил 7 октябрдан кейин Исроилнинг Ғазо секторига ҳужуми ва Ливан-Исроил чегарасидаги тўқнашувлар ҳам Ливандаги президентлик сайловлари масаласини орқага сурди.

2024 йил 27 ноябрда Исроил ва Ливан ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув эътиборни президентлик сайловларига қайтариш имконини берди. 2024 йилнинг 28 ноябрида, сулҳ битими кучга кирган куннинг эртасига парламент спикери Небиҳ Берри 13-президентлик сайлови йиғилиши 9 январь куни бўлиб ўтишини маълум қилди.

Ўт очишни тўхтатиш режимини тўлиқ татбиқ этиш учун ишлайдиган ҳукумат ва президент зарурати ягона номзод бўйича консенсусга эришишнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлди. Яқин-яқингача Ливандаги энг йирик сиёсий куч бўлган "Ҳизбуллоҳ" билан Исроил ўртасидаги тўқнашувлар, шунингдек, "Ҳизбуллоҳ"нинг сиёсатдаги мавқеи заифлашаётгани президентлик сайловларига ҳисса қўшган омиллар сифатида талқин қилинмоқда.

Маълумот учун, Ливан Қуролли Кучлари Бош штаб бошлиғи, парламент томонидан мамлакатнинг 14-президенти этиб сайланган Жозеф Халил Аун 1964 йилда Ливан тоғидаги Син эл-Фин шаҳрида туғилган. Ливан армиясига кўнгилли сифатида қўшилган Аун 1983 йилда Ҳарбий академияга ўқишга кирди. 1985 йилда Аун генерал-лейтенант, 2013 йилда бригада генерали, 2017 йилда эса генерал унвонларига кўтарилди ва ўша йили Ливан армияси бош штабининг 14-бошлиғи этиб тайинланди.

61 ёшли Аун сиёсатшунослик, ҳарбий ишлар ва халқаро муносабатларни ўрганган ва француз, инглиз ва араб тилларини билади. У Ливандаги можаролар пайтида армияда фаол хизмат қилган ва кўплаб медаллар билан тақдирланган. Оилали, икки фарзанди бор.

Ливан конституциясига кўра, мароний насроний Президент, сунний Бош вазир ва шиа парламенти спикери этиб сайланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ливан Жозеф Аун

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг