Ливан-Исроил чегараси яқинидаги БМТ қароргоҳига ракета келиб тушди
Олам
−
16 Октябрь 2023
4518Ливан жанубидаги Эн-Накура шаҳридаги БМТ тинчликпарвар миссияси қароргоҳига ракета келиб тушди. Бу ҳақда миссия баёнотида айтилади.
Аниқлик киритилишича, ҳодиса “Ҳизбуллоҳ” (терорристик ташкилот) ва Исроил ўртасидаги шиддатли отишма чоғида содир бўлган. Оқибатда ҳеч ким жабрланмаган. Ҳозирда снаряд қаердан отилгани аниқланмоқда.
“БМТ тинчликпарвар миссияси ўша пайтда бинода бўлмаган ва ҳеч ким жабрланмаган”, дейилади миссия баёнотида.
Маълум қилинишича, можаронинг ҳар икки томони билан фаол алоқалар ва музокараларга қарамай ҳарбий ҳаракатлар кучайишда давом этмоқда.
“Биз барча манфаатдор томонларни ўт очишни тўхтатишга ва тинчликпарвар кучлар сифатида бизга ечим топишга ёрдам беришга чақирамиз. Эслатиб ўтамиз, тинч аҳолига ёки БМТ ходимларига қарши ҳужумлар халқаро ҳуқуқнинг бузилиши бўлиб, бу уруш жиноятлари ҳисобланиши мумкин”, дейилади бу ҳақдаги маълумотда.
Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги Ғазо сектори блокадасида 11 нафар ходими ҳалок бўлганини маълум қилганди.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
LiveБарчаси