Қозоғистон Ғазодан фуқароларини эвакуация қилишни бошлади
Олам
−
13 Ноябрь 2023
3775Қозоғистонликларни Ғазо секторидан эвакуация қилиш бошланганди. Бу ҳақда бугун, 13 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров журналистларга маълум қилди, деб ёзмоқда “Nur.kz”.
Айбек Смадияров 10 ноябр куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг Исроил Ташқи ишлар вазири билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтганини, унда минтақадаги мавжуд вазият муҳокама қилинганини билдирган.
“Вазиримиз Ғазо секторида жойлашган Қозоғистон фуқароларини эвакуация қилиш мамлакатимиз учун устувор вазифа эканини таъкидлади. Музокаралар, шунингдек, Қозоғистоннинг Миср, Иордания ва Исроилдаги элчихоналарининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари туфайли бугундан фуқароларимизни Ғазо секторидан эвакуация қилиш жараёни бошланди. 13 ноябрь куни 44 нафар фуқародан иборат биринчи гуруҳ – Қозоғистон Республикасининг 40 фуқароси ва тўрт нафар хорижлик – ва уларнинг оила аъзоларини эвакуация қилиш режалаштирилган”, дейди у.
Унга кўра, чиқиш Рафаҳ назорат пункти орқали амалга оширилади. Ўтказиш пунктидан ўтган қозоғистонликлар қуруқлик орқали Қоҳира шаҳрига етказилади ва меҳмонхонага жойлаштирилади. Барча ҳужжатлар текширилгандан сўнг улар Қозоғистонга жўнатилади.
Умуман олганда, унинг таъкидлашича, эвакуация қилинганлар орасида Қозоғистондан ташқари тўққиз давлат – Марокаш, Иордания, Россия, Испания, Швеция, Перу, Нидерландия, Буюк Британия ва АҚШ вакиллари ҳам бор.
“Бугунги кунда Рафаҳ пункти орқали жами 594 киши, жумладан, 44 нафар фуқаромиз эвакуация қилиниши режалаштирилган. Қозоғистон дипломатлари аллақачон Қоҳирага жўнаб кетган, назорат-ўтказиш пунктларидан ўтиб, Рафаҳга яқинлашмоқда – улар бир соат ичида етиб келишлари керак. Улар етиб келишлари билан Миср ва Ғазо ҳукуматлари билан биргаликда ҳужжатларни текширишни бошлайдилар ва фуқароларимизни бирин-кетин олиб кетишади”, дея хулоса қилди Айбек Смадияров.
Октябрь ойи бошида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ғазо секторида 25 га яқин оила, жумладан, мамлакат фуқаролари борлигини маълум қилди.
23 октябрь куни Ғазо секторида Қозоғистон фуқароси ҳалок бўлгани, у билан бирга қизи ҳам вафот этгани маълум бўлди. Депутат Нурия Ниёзова Ғазо секторида жойлашган қозоғистонликларни узлуксиз алоқа билан таъминлашни таклиф қилди.
Ўтган ҳафта Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров Ғазо секторида ҳозирда 76 нафар қозоғистонлик борлигини маълум қилди. Оила аъзолари билан бирга уларнинг сони 161 тани ташкил этади.
LiveБарчаси