Лицензиясиз фаолият юритган 65 нафар санъаткорларга чора кўрилди
Жамият
−
19 Июль
160042024 йилнинг биринчи ярмида лицензиясиз фаолият юритган 65 нафар санъаткорларга чора кўрилди. Бу ҳақда “Ўзбекконсерт” давлат муассасаси ахборот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, бугун ижтимоий тармоқлар орқали маълум бир аудиториягина танийдиган ёки бўлмаса “лицензия”га эга бўлмаган ижодкорлар ҳам телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда меҳмон сифатида иштирок этмоқда.
“Ваҳоланки, ҳар қандай санъаткор ўз ижодини тақдим қилишда, оммавий ахборот воситаларида қўшиқлар ва видеоклипларни аҳолига етказиш учун лицензия талаб этилади. Тўй маросимлари, оилавий базмлар, барлар ва ресторанлардаги йиғинларда ҳам “лицензия”сиз фаолият кўрсатиш ҳолатлари кўпаймоқда”, дейилади хабарда.
“Ўзбекконсерт” давлат муассасаси бундай фаолият ноқонуний эканлигини таъкидлаб, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда аҳолидан хизматга таклиф этилаётган бошловчилар, санъаткорларнинг “лицензия”си бор ёки йўқлигини аниқлаштиришга, “лицензиясиз” ижодкорларнинг хизматидан фойдаланмасликка чақирган.
Маълумот учун, лицензия жисмоний ёки юридик шахсга бериладиган, лицензия талаблари ва шартларига мажбурий равишда риоя этилган тақдирда фаолиятнинг лицензияланадиган турини ёки унинг кичик турини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатдир.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддасида лицензияланиши лозим бўлган фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима қўлланиши белгиланган.
“Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш учун лицензия беришда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекконсерт” давлат муассасаси лицензиялаш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади”, дейилади хабарда.
Лицензия талаб этиладиган ҳоллар:
- Яккахон ижрочи концерти (битта ижрочининг яккахон концерт дастури), битта жанрнинг икки ёки ундан кўп ижрочиси иштирокидаги концерт дастури, турли жанрлар йўналишларининг бир нечта ижрочиси иштирокидаги концерт дастури (яккахон хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, қизиқчи ва бошқалар), оммавий ахборот воситаларида қўшиқлар ва видеоклипларни тақдим этишга;
- Ресторанлар, барлар, қаҳвахоналар, хусусий уйларда юбилей тантаналарида хизмат кўрсатиш, ресторанлар, барлар, қаҳвахоналар ва хусусий уйларда тўйларда (ФҲДЁдаги маросим, “ош бериш” маросими, кечқурунги никоҳ тузиш – “никоҳ тўйи” маросими, “келинсалом” маросими), “суннат тўйи маросимига хизмат кўрсатиш, кўнгилочар ташкилотларда – клублар, дискотекалар, ресторанлар, барлар ва қаҳвахоналарда хизмат кўрсатиш (яккахон хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, қизиқчи, диджей-овоз оператори, маъмур ва бошқалар)га.
LiveБарчаси