Қозоғистонда ўқитувчиларга 200 мингта ChatGPT лицензияси берилади
Олам
−
11 Март 1591 1 дақиқа
Қозоғистон Таълим вазирлиги мамлакат ўқитувчиларига ChatGPT edu тизимидан фойдаланиш учун лицензиялар ажратмоқда. Бу ҳақда вазирлик расмий саҳифасида маълум қилинди.
Дастлаб 100 мингта лицензия тақдим этилади, 2026 йил охиригача эса яна 100 минг нафар ўқитувчи ушбу имкониятга эга бўлади. Ажратилган лицензиялар таълим босқичлари бўйича тақсимланади. Жумладан, мактабгача таълим муассасалари учун 5 мингта, мактаблар учун 85 мингта ва коллежлар учун 10 мингта лицензия ажратилади.
Лойиҳа доирасида ўқитувчилар сунъий интеллект ёрдамида дарс режалари тузиши, топшириқ ва тестлар яратиши ҳамда ўқув материалларини турли ёшдаги ўқувчилар учун уч тилда мослаштириши мумкин бўлади.
Таълим вазирлиги маълумотига кўра, ChatGPT дарс жараёнида мураккаб мавзуларни содда тушунтириш, реал ҳаёт мисолларини келтириш, шунингдек, дарсларни муҳокама ва тадқиқотларга йўналтиришда ёрдам беради.
Шунингдек, тизим ўқитувчиларга баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш, ўқувчилар ишларини текшириш ва индивидуал фикр-мулоҳазалар беришда ҳам кўмаклашади.
Мазкур лойиҳа таълим сифатини ошириш, ўқитувчилар иш юкламасини камайтириш ва ўқувчиларнинг тадқиқот салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Таълим вазири Юлдуз Сулаймонова тизимдаги асосий муаммолардан бири – мактабларда кекса ўқитувчилар билан боғлиқ эканини маълум қилганди.