“Листапад” кинофестивалида ўзбекистонликлар тўртта мукофотга сазовор бўлди
Маданият-санъат
−
12 Ноябрь 2022
57287-11 ноябрь кунлари Беларусь пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтган “Листапад” халқаро кинофестивалида Ўзбекистон вакиллари тўртта халқаро мукофотга сазовор бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу кинофестивалда 40 дан ортиқ мамлакатдан 100 га яқин фильмлар иштирок этди. “Листапад” кинофестивалининг “Энг яхши режиссёр учун” мукофоти Шуҳрат Маҳмудовнинг “Матонат” ҳужжатли фильмига топширилди. Фильм Иккинчи жаҳон уруши йилларида Германиянинг “Aмерсфорт” лагеридаги 101 нафар ўзбекистонлик аскарларнинг жасорати ва шижоатига бағишланган.
Режиссёр Дилмурод Масаидов томонидан суратга олинган “Aёл қисмати” бадиий фильми “Инсонпарварлик ва умуминсоний қадриятлар мавзусининг долзарблиги учун” номинациясида махсус мукофотга сазовор бўлди. Фильм Сурияда жангарилар томонидан алданиб, озодлик сари қийин йўлни босиб ўтган аёл ҳақида ҳикоя қилади.
Ёш кинорежиссёр Aкром Шаҳназаров томонидан суратга олинган “101 рейс” бадиий фильми эса давлатлараро “Мир” телерадиокомпаниясининг “Кино тили – дўстлик тили” номинациясининг махсус мукофоти билан тақдирланди.
Шунингдек, МДҲ давлатлари кинематографларининг ишчи йиғилишида Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Aбдухолиқов МДҲ Ижроия қўмитасининг “МДҲга аъзо давлатлар кинематография соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун” дипломи билан тақдирланди.
Хабарда қўшимча қилинишича, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ишлаб чиқарилаётган қўшма маҳсулотлар (ко-продукция) сони бўйича етакчи деб тан олинган. Айнан шунинг учун ҳам Минскда бўлган Кинематография раҳбарлари йиғилишида МДҲ давлатлари кинематографлари халқаро ижодий альянси штаб-квартирасини Ўзбекистон раислигида Тошкент шаҳрида жойлаштириш тўғрисидаги қарор бир овоздан қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 1-5 ноябрь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида бўлиб ўтган “Қўрқут ота” II туркий халқлар кинофестивалида Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати” фильми “Қўрқут ота” кинофестивалида “Энг яхши бадиий фильм”, Фурқат Усмоновнинг “Инсон” фильми “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинацияси бўйича Гран-прига сазовор бўлган эди.