ЛГБТни ёқлаётганлар кичик ташкилотлар эмас – Қодиров “ташқи куч”лар ҳақида
Жамият
−
29 Март 2021
20146Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти яқинда расмий Тошкентга Ўзбекистон Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўраб мурожаат қилди. Шундан сўнг ушбу масала долзарблашди. Ҳатто Тошкентда ЛГБТга қарши кичик намойиш ўтказилди. Ушбу масала айни вақтда кенг жамоатчилик, депутатлар ва дин вакиллари томонидан муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Шундай депутатлардан бири “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакили намойишларга муносабат билдириб, ЛГБТга қарши жазони кучайтириш таклифи билан чиқди.
Нега қонунчиликда шу вақтгача ўзгариш қилинмаган? Бунга эҳтиёж ёки сабаблар бўлмаганми? Саволларга жавобни Алишер Қодировнинг шахсан ўзидан олдик.
“Бугунги кундаги қонунчилик бўйича биз ушбу масалани етарли даражада тақиқламаганмиз, етарлича олди олинмаган. Бу масала авваламбор кўриб, кўрмасликка олинмагандир. Статистика шуни кўрсатяптики, Жиноят кодексининг ушбу моддасига сўнгги 10 йилда 1-2 марта мурожаат қилинган.
Лекин бу норма керакми, деб турилган бир вақтда бирдан фаоллашиш бўлдими, бунинг тагидан бир маъно қидиришимиз ва жавобимизни беришимиз керак”, дейди депутат QALAMPIR.UZ’даги жонли мулоқот вақтида.
Депутат Қодиров сўзида давом этиб, бесоқолбозлик билан боғлиқ ҳаракатлар замирида катта сиёсий кучларнинг улкан сиёсий-иқтисодий манфаати борлигини таъкидлаб ўтди.
“Бугунги кунда дунёда давлатлар ўртасидаги муносабатларда иқтисодий манфаатларга эришиш учун сиёсий тафаккур жиҳатидан заифлик аломатларини кўрсатган жамиятларда сунъий муаммо яратиш ва унинг ечимларини таклиф этиш орқали бу жамиятларда манфаатларга эришиш хатти-ҳаракатларини кузатиш мумкин. Яъни аввал муаммо яратилади ва ечими бевосита уни пайдо қилганлар томонидан таклиф қилинади”, дейди Қодиров муаммонинг сиёсий жиҳатига тўхталиб.
У сўзида давом этиб, бу талабни қўяётганлар инсоний хоҳиш-истакни ҳуқуққа айлантиришни давлатлар қаршисига муаммо сифатида чиқаришга интилаётганини қўшимча қилди.
“Бу муаммо давлатларга талаб қўйиш учун асос даражасига кўтаришга интиляпти. Бунинг мисоллари жуда ҳам кўп. Масалан, Европа ёки АҚШдаги бу масала билан боғлиқ тарихни ўрганадиган бўлсак, муҳокамалар бугунгача ҳам давом этяпти ва эҳтимол бу ўша минтақаларда сезиларли аҳамиятга эга эмас, оддий оқимдаги масаладир. Лекин эътиқод, қадриятлар ва консерватив дунё қараши кучли бўлган жамиятларда кескин реакцияларга сабаб бўляпти. Бу кескин реакциялар қийинчилик билан шаклланаётган мувозанатни бузиш учун хизмат қиляпти. Мувозанат бузилгач, уни бошқариш осон бўлади”, дейди Қодиров.
Депутат Ўзбекистон демократик ислоҳотлар йўлига кирган вақтда бу ҳаракатларнинг фаоллашиши мавжуд барқарор мувозанатни ташқаридан бошқариш “ричаг”ларига эга бўлиш учун интилишдек баҳоланиши бу муаммонинг туб томирида ётган масаладардан бири эканини урғулади. У бу ишларнинг “боши”да қайси сиёсий кучлар тургани ҳақидаги саволга шундай жавоб берди:
“Мен бу ерда айнан бир ташкилот билан боғлиқ манзилларни кўрсатишни хоҳламаган бўлар эдим. Муаммони кўтараётган ва қонунчилигимизга ўзгартириш киритишни истаётганлар кичик ташкилотлар эмас”.
LiveБарчаси