Алишер Қодиров ўзбекистонликларни зудлик билан Россияни тарк этишга чақирди
Жамият
−
03 Январь 62483 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров Россияда бўлиб тургун ўзбекистонлик мигрантларни мамлакатни зудлик билан тарк этишга чақирди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзди.
Унинг “ишонинг” дея урғулашича, Россияда бундан буён вазият ой сайин фақат ёмонлашади.
“Рус махсус хизматлари Марказий Осиёликларни Россияда кутилаётган нотинчликларнинг фаол иштирокчиси сифатида тахмин қилмоқда, шу сабабли улардан келадиган фойдадан аллақачон кечиб бўлинган”, дейди Алишер Қодиров Россияда ўзбекистонлик мигрантнинг ОМОН томонидан дўппослаб ўлдирилганига ишора қилиб.
Алишер Қодиров биринчи марта Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга мамлакатни тарк этишга чақириб, у ерга иш излаб бормаслик ҳақида гапирмаяпти. Депутат Россиянинг Украинага нисбатан босқинини қоралайдиган, ўзбекистонлик мигрантларга нисбатан мамлакатдаги ғайриинсоний ҳолатларга кескин муносабат билдирадиган саноқли фаоллардан ҳисобланади. У навбатдаги постида яна мигрантларга юзланаркан, уларни даромад учун оиласининг кўз ёшларига сабаб бўлиб қолмасликка чорлаган.
“Ақлингизни ишлатинг, Россиядан тезроқ кетинг! Ҳеч қандай даромад ота-оналар ва фарзандларингизнинг кўз ёшига арзимайди!” дейди у.
Россияда ўлдирилган ўзбекистонлик мигрант
Россиянинг Хабаровск шаҳрида Самарқанддан бўлган меҳнат муҳожири Махсус мақсадли мобил блок (ОМОН) томонидан амалга оширилган қийноқ оқибатида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Воқеа 2025 йилнинг 12 декабрь куни содир бўлган эса-да, унинг иси 2026 йилнинг 2 январига келиб чиқди.
Махсус кучлар ходимлари кафелардан бирига бостириб кириб, у ерда бўлган ўзбекистонлик фуқароларга нисбатан куч ишлатган. Оқибатда икки нафар фуқаро оғир тан жароҳатлари олиб, кома ҳолатига тушган, улардан бири бир неча кун ўтиб вафот этган. Иккинчи жабрланувчи ҳақидаги маълумотлар эса расман тасдиқланмаган. Ҳозирча марҳумнинг жасади Ўзбекистонга олиб келинмаган. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурхонов расмий муносабат билдирди.
Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Бош консулхона марҳумнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб, зарур консуллик ва амалий ёрдам кўрсатмоқда. Жасадни Ватанга қайтариш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, ҳодиса юзасидан Хабаровск ўлкаси Прокуратураси, тергов бошқармаси ҳамда Россия ТИВнинг ҳудудий ваколатхонасига ноталар юборилиб, ҳолатни ҳар томонлама, холисона ва қонун доирасида ўрганиш сўралган.
Live
Барчаси