Алишер Қодиров гейларга нисбатан жазоларни кучайтиришни таклиф қилди
Жамият
−
29 Март 2021
14748Аввалроқ, Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида бесоқолбозлик – ЛГБТ тарафдорлари намойиши ўтказилиши режалаштирилган вақтда унга қарши бўлганлар тўплангани ва митинг уюштиргани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур намойишда ИИББ маълумотига кўра, 12 киши ҳибсга олинган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати – “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров мамлакатда ЛГБТни қўллаб намойиш уюштиришга уриниш бўлганига ўз муносабатини билдирди.
Депутат бесоқолбозлик тарафдорларини сўтаклар деб атаб, бу ҳаракатларни миллатнинг фундаментал устунларига аниқ мақсадлар билан берилаётган зарба эканини таъкидлаган.
“Шу кунларга ҳам етиб келдик, афсус... Ғурурсиз, шарафсиз ҳаётни ўлимдек кўрган миллатнинг эркаклари ичида ҳам эркакликдан маҳрум сўтаклар борлигини исботладингиз.
Тошкентда бесоқолбозларнинг провакацион митингини ўтказишга ҳаракатлар бўляпти. Бу провакацияга алданиб, эътироз учун йиғилганларнинг бир қанчаси суриштирувлар учун ушланган. Тартиббузарларга тегишли чора кўрилиши аниқ, лекин масала бошқа томонда... Оддийгина митинг ҳақида гап кетмаяпти. Бу миллат қадриятлари ва жамиятнинг фундаментал устунларига майда-майда, лекин йирик ниятлар билан урилаётган зарбадир”, деди Алишер Қодиров.
Депутатга кўра, бу ҳолат Жиноят кодексининг 120-моддасини янада кучайтиришга эҳтиёж борлигини яққол кўрсатган.
“Модда бесоқолбозлик, ЛГБТ ғояларини ҳар қандай шаклда тарғиб қилишни тақиқлаши керак. Албатта, жазо жуда юмшоқ. Бу модда санкциялари мажбурий даволаш, озодликдан маҳрум этиш, мамлакат фуқаролигини бекор қилиш, мамлакатдан бадарға қилишгача кўзда тутиши керак.
Ўзбекистон халқи сиздеклар билан бир давлатда яшашни истамаса, буни қонунда акс этиши кераклиги жуда ҳам табиий ҳолат”, дейди Қодиров.
У бесоқолбозлик тарафдорларини террорчиларга тенглаштирган ҳолда, ўзининг аччиқ гапларини ҳам айтиб ўтган.
“Террорчилардек ғурурсизларнинг ҳам миллати бўлмайди! Сизларни рад этамиз! Ўзбекистон сиздеклар яшай олмайдиган юрт бўлиши учун ҳамма нарсани қиламиз. Миллатимизга оқ бўлинг, шарафсизлар!”, дея сўзини якунлаган Қодиров.
Ўзбекистонда бесоқолбозлик масаласи Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга мамлакат Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўраб мурожаат йўллаганидан сўнг кун тартибига чиқди.
Айни вақтгача бесоқолбозлик бўйича Human Rights Watch сўровига депутат Расул Кушербоев ва Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий, таниқли олим Мубашшир Аҳмад ҳам муносабат билдирди. Улар бесоқолбозликка оид модданинг жиноят кодексидан чиқариб юборилиши ҳам сиёсий, ҳам диний йўқотишларга сабаб бўлишини урғулаган.
LiveБарчаси