Leapmotor Ўзбекистонга рухсатсиз кирган автомобилларни тан олмайди – ЎзТест

Жамият

image

Ўзбекистонга норасмий (рухсатсиз) олиб кирилган автомобиллар Leapmotor компанияси томонидан тан олинмайди ва улар учун расмий кафолат ва хизматлар тақдим этилмайди. Бу ҳақда “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази давлат муассасаси” (ЎзТест) матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 13 апрель куни “Leapmotor Automobile Co. Ltd.” компанияси томонидан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси номига расмий мурожаат хати юборилган. Ушбу мурожаатда компания Ўзбекистон ҳудудига рухсатсиз дистрибьюторлар орқали олиб кирилган C16 русумли автомобиль ҳолатини тан олиб, бунга оид муаммоларни бартараф этиш бўйича бир қатор чораларни кўришга тайёр эканини билдирган.

Хатга кўра, Leapmotor компанияси қуйидагиларни тасдиқламоқда:

  • Ўзбекистон Республикасида фаолиятини фақат расмий дистрибьютор орқали давом эттиради;
  • Норасмий (рухсатсиз) олиб кирилган автомобиллар компания томонидан тан олинмайди ва улар учун расмий кафолат ва хизматлар тақдим этилмайди;
  • Турни тасдиқлаш ҳужжатини (ОТТC) олиш бўйича синов жараёнлари тез фурсатда якунланади;
  • Келгусида ЎзТест билан сифат назоратини кучайтиришга қаратилган кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилади.

“Мазкур ҳамкорлик автомобиллар хавфсизлиги, сифат ва техник талабларга мувофиқлигини таъминлашга хизмат қилади. ЎзТест компаниянинг ушбу ташаббусини юқори баҳолайди ва фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини ҳимоя қилишга хизмат қилувчи барча жараёнларда фаол иштирок этишда давом этади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Leapmotor компаниясининг C16 моделли автомобиллари Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси текширувидан ўтгани ва автомобиллардаги электромагнит шовқинлар БМТ меъёрларидан 16 баробар юқори экани, бунинг ортидан эса мазкур автомобилларнинг Ўзбекистонга импорти тақиқлаб қўйилгани хабар қилинган эди.

Кейинроқ эса электромобиллар савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар ижтимоий тармоқлар орқали Президентга мурожаат йўллади. Эркин бозор тарафдори эканини айтган тадбиркорлар давлат раҳбаридан чекловларни олиб ташлаш ва очиқ бозорни қўллаб-қувватлашни сўраган. Мазкур ҳолат ортидан Бизнес-омбудсман муносабат билдириб, тадбиркорларнинг мурожаати қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан Бизнес-омбудсман девони томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.  

Ушбу воқеалардан сўнг Хитойнинг Leapmotor автомобиллари Ўзбекистонда ушбу компания мутахассислари иштирокида қайта синовдан ўтказилди ҳамда автомобилларда муаммо аниқланмагани сабабли экспортга рухсат берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЎзТест Leapmotor

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг