Лайк учун жиноий жавобгарлик бекор қилинди. Тожикистонда!

Олам

image

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон мамлакат Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиб, ижтимоий тармоқларда “лайк” ёки бошқа белгилар (эможи) босганлик учун жиноий жавобгарликни бекор қилди. Бу ҳақда “Sputnik Тожикистон” хабар берди.

Нашрга кўра, Жиноят кодексига киритилган ушбу қўшимчалар ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган материалларга муносабат билдирган фойдаланувчиларга нисбатан қўлланилган жиноий чораларни расмий равишда бекор қилади.

Маълумот учун, жорий йилнинг апрель ойида республика парламентининг қуйи палатаси ижтимоий тармоқлардаги лайкларга нисбатан жиноий жавобгарликни бекор қилишни маъқуллаган. Қолаверса, бундай ташаббус билан Бош прокуратура ҳам чиққан.

Аниқлик киритилишича, Жиноят кодексининг 179-моддаси 3-қисми (Террорчилик характеридаги жиноятларни содир этишга оммавий даъват қилиш ва (ёки) террорчилик фаолиятини оммавий оқлаш) ҳамда 307-моддаси 1-қисмининг (Экстремистик фаолиятни амалга оширишга оммавий даъват қилиш ва экстремизмни оммавий оқлаш) изоҳ қисмига “лайк босиш ёки бошқа белгилар орқали розилик билдириш бундан мустасно” деган қўшимча киритилади. Таъкидлаш жоизки, юқорида тилга олинган Жиноят кодекси моддаларига кўра, энг кўп жазо муддати мос равишда 15 ва 12 йил озодликдан маҳрум этишни ташкил қилади.

Парламентдаги чиқишида Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Умид Каримзода берган статистик маълумотга кўра, 2025 йил апрель ҳолатига кўра интернетдаги видеороликлар остига лайк босган ёки “террористик ва экстремистик мазмундаги” постларга изоҳ қолдирган 1507 нафар фуқаро қамоқда сақланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Тожикистон Президенти лайклар учун ҳибсга олиш амалиётини танқид қилганди. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ижтимоий тармоқларда пост ва видеоларга лайк босган фуқароларга нисбатан асоссиз жиноят ишларини қўзғатишини қоралаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон жиноий жавобгарлик Лайк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг