Лавров Лотин Америкасида. У Ғарбнинг “шантажига” қарши бирлашиш учун шерик қидирмоқда
Олам
−
19 Апрель 2023
7482Кеча, 18 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазири Лотин Америкаси бўйлаб сафари чоғида мамлакатларни Ғарбнинг "шантажига" қарши бирлашишга чақирди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
“Ғарбнинг шантаж уринишлари ва ноқонуний бир томонлама босимига қарши туриш учун кучларни бирлаштириш зарур”, деган Сергей Лавров Венесуэла пойтахти Каракасда.
Лавров венесуэлалик мавқедоши Иван Гил билан бирга АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳукмронлик қилмайдиган "кўп қутбли дунё"га даъват этган. Кейинроқ Венесуэла Президенти Николас Мадуро Twitter'да “ёқимли учрашув” ҳақида гапириб, “ҳамкорлик режасини” бирлаштирганини маълум қилган.
Жанубий Американинг шимолий қирғоғида жойлашган мамлакат Лавров сафарининг иккинчи манзили бўлган. У дастлаб Бразилияга борган ва яқин кунлар ичида Куба ва Никарагуага ҳам бориши кутилмоқда.
Манбада айтилишича, ҳар учала давлат ҳам социализмга мойил ҳукуматлар томонидан бошқарилади. Демократик камчиликлар учун танқид қилинган мазкур давлатларнинг АҚШ билан муносабатлари бир неча йиллар давомида ёмонлашган.
Кеча, 18 апрель куни Бразилия Президент Луланинг Лавров билан учрашувидан сўнг Бразилия Вашингтон томонидан “Россия ташвиқотини акс эттиргани” учун қораланган. Бразилия раҳбари кейинроқ АҚШ Украинадаги урушни рағбатлантирмоқда деб ҳисоблаган изоҳлардан қайтган ва Россия босқинини ёмонлаган.
Лавров ушбу сафари чоғида ҳам Украина урушидан гап очган ва Россия ҳаракатларини оқлашга уринган.
“Биз Украинадаги вазиятни ва дунёдаги бошқа можароларни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг давлатларнинг суверен тенглиги тўғрисидаги тамойиллари, хавфсизликнинг бўлинмаслиги принципи асосида ҳал қиламиз. Бизнинг вазифамиз БМТ Низоми тўлиқ қўлланилишини ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидан маҳрум қилинмаслигини таъминлашдир”, деган Россия Ташқи ишлар вазири.
Президент Уго Чавес давридан бери (1999-2013) Россиянинг асосий иттифоқчиси бўлган Венесуэла Украинага бостириб киришдан олдин ва кейин ҳам Россия ва унинг раҳбари Владимир Путинни қўллаб-қувватлаб келади. Президент Мадуро 2008 йилги Грузия урушида ҳам Москвани қўллаб-қувватлаган. Ўз навбатида, Россия Венесуэлага АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари томонидан киритилган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь