Лаънат, ҳақорат ва таҳдид... Грознийда йирик митинг уюштирилди

Олам

image

Чеченистон пойтахти Грознийда собиқ судья Саиди Янгулбоевнинг оиласига қарши митинг бўлиб ўтди. Ҳукуматпараст чечен матбуоти митингда 400 мингдан ортиқ одам қатнашганини хабар қилмоқда. “Грозний” Чеченистон давлат телерадиокомпанияси маълумотларига кўра, намойишда фақат эркаклар, республика эркакларининг қарийб 50 фоизи иштирок этган. Митинг мувофиқлаштирилмаган деб эълон қилинган, аммо унда чечен расмийлари (жумладан, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг энг яқин шерикларидан бири, республика парламенти спикери Магомед Даудов) сўзга чиққан ва полиция ҳеч кимни тарқатмаган.

Митингда Янгулбоевларга қарши “лаънатлар эшитилди”, одамлар оила аъзоларининг портретлари туширилган плакатларни ёқиб юборди, дея хабар беради “Чечня сегодня”. ТАСС хабарига кўра, митинг интернетда Шимолий Кавказ диний арбобларини ҳақорат қилувчи аудиоёзувлар пайдо бўлгани сабаб бошланган. Уларни Сайди Янгулбоевнинг ўғиллари ёзиб қолдиргани гумон қилинган. Митингда сўзга чиққан Чеченистон муфтийси Салаҳ-Хожи Межиев шундай деган: 

“Янгулбоевлар бизнинг Эвлия [авлиёларимиз], халқимиз ва чеченлар ҳурмат қиладиган барча нарсалар ҳақида жуда ифлос аудио ёзишган. Ҳеч ким пасткашликка бормайди”.

Чеченистон Жамоатчилик палатаси раҳбари Исмоил Денилханов Қийноқларга қарши қўмита, “Новая газета” ва “Дождь” телеканалини ёпишга чақирди. Митингда сўзга чиққан Денилханов “Новая газета” журналисти Елена Милашина ва Қийноқларга қарши қўмита раҳбари Игорь Каляпин “давлатга қарши экстремистик фаолият” билан шуғулланаётгани ва “Чеченистон аҳолисига қарши терроризмни оқлайдиган” Янгулбоевлар оиласи аъзоларини “назорат қилгани”ни айтган. Денилханов Милашина ва Каляпинни “қамоққа олиш ва жавобгарликка тортиш”га чақирди.

Жорий йилнинг 1 февраль куни Давлат Думасининг Чеченистондан сайланган депутати Адам Делимханов судья Саиди Янгулбоевнинг оила аъзоларининг бошини кесиб ташлашга ваъда берган эди.

“Тун-кун жонимизни, мол-мулкимизни, наслимизни аямай, бошларингизни кесиб, ўлдиргунимизча орқангиздан эргашамиз. Сиз билан ҳақиқатан ҳам душманлик ва қон адоватимиз бор”, деган Делимханов чечен тилидаги мурожаатида.

Янгулбоевларга нисбатан шундай таҳдидлар кейинроқ бошқа чечен расмийлари томонидан ҳам эълон қилинган. Кремль Делимхоновнинг сўзларига баҳо беришдан бош тортган. 

“Бу бизнинг вазифамиз эмас. Бу Давлат Думаси ва этика билан шуғулланувчи қўмитанинг вазифасидир...”, деган Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. 

Ўз навбатида, Давлат Думасининг депутатлик этикаси комиссияси раҳбари ўринбосари Николай Арефев бундай таҳдидларни ахлоқ комиссияси эмас, балки Бош прокуратура кўриб чиқиши кераклигини айтган. Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши ҳам Делимхоновнинг сўзларида ҳақиқатан ҳам таҳдидлар бўлса, бу билан Бош прокуратура шуғулланиши кераклигини таъкидлаган.

Саиди Янгулбоев – Чеченистон Олий судининг истеъфодаги судьяси. Бир неча ҳафта олдин унинг рафиқаси Зарема Мусаева ҳибсга олинган эди. 20 январь куни Нижний Новгороддаги квартирасига қуролланган шахслар бостириб кириб, Мусаевани Чеченистонга олиб кетишган. Уни оёқ яланг ва устки кийимсиз уйдан олиб чиқишган. Чеченистон расмийларининг айтишича, Мусаева ҳокимият вакилини ҳақорат қилгани учун маъмурий иш бўйича махсус ҳибсхонада сақланмоқда. Кейинроқ унга нисбатан ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қўллаш бўйича жиноий иш очилгани маълум бўлди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг айтишича, Мусаева “полиция ходимига ҳужум қилиб, унинг кўзини ўйиб олишига оз қолган”. 2 феврал куни Мусаева икки ойга ҳибсга олинган.

Қодиров Янгулбоевлар оиласини “террорчиларнинг шериклари” деб атаган, уларни ҳибсга олиш ва агар қаршилик кўрсатса, “йўқ қилиш”ни талаб қилган. Саиди Янгулбоев қизи билан Россияни тарк этган. Ўғиллари анчадан бери хорижда яшаб келишади. Улардан бири Иброҳим Янгулбоев ўз оиласининг таъқиб қилинишини Чеченистон мухолифатини бошқаргани билан боғлайди. Январь ойи охирида унга нисбатан терроризмга чақириш айби билан жиноий иш очилган эди. Baza’нинг ёзишича, Тергов қўмитаси Иброҳим Янгулбоевни 1ADAT администраторларидан бири деб билади.

Қодиров журналист Елена Милашина ва ҳуқуқ фаоли Игорь Каляпинни ҳам “террорчилар” ва “террорчиларнинг шериклари” деб атаган. Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Қодиров “шахсий фикрини” билдирганини айтган. “Новая газета” Кремлнинг позициясини қоралаб чиқди. “Эхо Москва” газетаси бош муҳаррири Алексей Венедиктов ва “Дождь” телеканали Россия раҳбариятини Қодировнинг таҳдидларига жавоб беришга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

митинг Чеченистон Грозний

Баҳолаганлар

482

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг