Маҳсулотларни бепул тарқатиш баҳонасида одамларни йиғиш тақиқланиши мумкин

Local

−

image

Ўзбекистонда реклама, акция ва бошқа мақсадларда озиқ-овқат, буюм ва бошқа маҳсулотларни бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзон нархда сотиш орқали одамларни оммавий тадбирга жалб қилиш тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Оммавий тадбирларни ўтказиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳасида сўз боради.

Ҳужжатга кўра:

  • 100 ва ундан ортиқ киши қатнашадиган концерт, спорт мусобақалари, фестиваллар ва бошқа оммавий тадбирлар учун янги қоидалар белгиланади;
  • реклама, акция ва бошқа мақсадларда озиқ-овқат, буюм ва бошқа маҳсулотларни бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзон нархда сотиш орқали одамларни оммавий тадбирга жалб қилиш тақиқланади;
  • маданий тадбирлар, кўнгилочар-томоша дастурлари ва спорт мусобақаларига чипталар электрон шаклда сотилади. Бу чипталарни белгиланганидан юқори нархда қайта сотиш ва қалбакилаштиришнинг олдини олишга қаратилган;
  • рухсатнома олинмагунча ташкилотчига тадбир ҳақида эълон бериш, реклама қилиш, унинг санаси ва жойини маълум қилиш ҳамда чипта сотиш тақиқланади;
  • тадбирларда одамлар оқимини назорат қилиш, уларнинг оммавий тўпланиш ва зичлашувини ҳамда бу билан боғлиқ хавфларни барвақт аниқлаш учун дронлардан фойдаланилади;
  • қонунчиликка кўра, оммавий тадбирлар қоидаларини бузганларнинг тадбирларга киришини жиноят ишлари бўйича суд вақтинча чеклаши мумкин. 2027 йилдан бундай шахсларнинг электрон ҳисоби юритилади.

Лойиҳага кўра, ушбу қоидалар йиғилиш, митинг, кўча юришлари ва намойишларни, шунингдек, тўй, оилавий, юбилей тадбирлари ва вафот этганлар хотирасига бағишланган аза маросимларини ўтказишга татбиқ этилмайди.

Муҳокама жорий йил 20 ноябрга қадар давом этади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends