Райҳон, Иззат Шукуров, “Уммон” гуруҳи концертлари рекламасида қоидабузарлик аниқланди

−

image

Лолита, Ани Лорак, Райҳон Ғаниева, “Уммон” гуруҳи ва бошқа санъаткорларнинг концерт рекламалари қонунчилик талабларига зид экани аниқланди. Хусусан, 27 та эълонда жонли ижро ёки фонограммадан фойдаланилиши ҳақида маълумот берилмаган. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, қўмита Instagram саҳифалари ва ташқи реклама объектларида жойлаштирилган концерт эълонларини ўрганган. Натижада Лолита, Ани Лорак, Майот, Николай Фоменко, Иззат Шукуров, “Уммон” гуруҳи, Райҳон Ғаниева ва Ғайбулла Турсунов концертларининг Instagram’даги рекламаларида ижро шакли кўрсатилмагани аниқланган. Шунингдек, Toxi$, “Машина времени” ва Отар Кушанашвили иштирокидаги дастурларнинг ташқи рекламаларида ҳам бу ҳақда маълумот берилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йилнинг 8 апрелдаги 207-сон қарорига мувофиқ, концерт рекламасида ижро шакли “Жонли ижро”, “Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз” ёки “Фонограммали концерт дастури” деб аниқ кўрсатилиши керак.

“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 44-моддасига кўра, фонограммадан фойдаланилганда, унинг даражаси рекламada акс эттирилиши лозим. Ташқи рекламada ушбу маълумот реклама майдонининг камида 10 фоизини эгаллаши шарт. Бундан ташқари, ташкилотчилар томоша бошланишидан олдин бу ҳақда аудиохабар бериши керак.“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида ҳам концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш ҳақида ахборот берилиши белгиланган.

Қўмита реклама берувчилар ва концерт ташкилотчиларини эълонларда ижро шаклини аниқ кўрсатишга ҳамда реклама қонунчилиги талабларига риоя қилишга чақирди. Талаблар бузилиши давом этса, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда реклама қонунчилиги талабларига зид материалларни жойлаштирган 12 нафар блогерга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини қўлланилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends