Ўзбекистонда 12 блогер реклама қонунчилигини бузгани учун жазоланди
Crime
−
11:38 1575 1 minute
Ижтимоий тармоқларда реклама қонунчилиги талабларига зид материалларни жойлаштирган 12 нафар блогерга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини қўлланилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмита томонидан ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган 110 нафар блогер рўйхати шакллантирилган. Уларнинг саҳифаларида жойлаштирилаётган реклама материаллари ҳар куни мониторинг қилиб борилмоқда.
Мониторинг давомида 12 нафар блогер томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига зид реклама ахборотлари тарқатилгани аниқланган. Қонунбузилишлар юзасидан уларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий чоралар кўрилган.
Шунингдек, қўмита республикада кенг жамоатчиликка танилган қўшиқчилар, актёр ва актрисалар ҳамда спортчилар рўйхатини ҳам шакллантирган. Уларнинг ижтимоий тармоқлардаги рекламага оид чиқишлари ҳам мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
Қўмита реклама берувчилар, тайёрловчилар ва тарқатувчилар, шу жумладан, блогерлар ҳамда машҳур шахсларни реклама материалларини жойлаштиришда қонун талабларига қатъий амал қилишга чақирди.
Қайд этилишича, рекламада ҳаққонийлик ва ишончлиликни таъминлаш, истеъмолчиларни чалғитувчи ёки товар ва хизматлар ҳақида нотўғри тасаввур уйғотувчи ахборотларни тарқатмаслик талаб этилади. Қонунчилик талабларини бузган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда реклама ва ташқи ёзувларни давлат тили талабларига мувофиқлаштириш бўйича ўтказилган мониторингларда 4 496 та камчилик аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All