Ўзбекистонда акция ўтказиб, ютуқни бермаганларга иш қўзғатилди

Local

−

image

Ўзбекистонда 58 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасида ўтказилган акциялар текширилиб, 65 та муаммо ва камчилик аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, ўрганишлар давомида жами 116 та акция ва чегирма таҳлил қилинган. Айрим савдо нуқталарида эълон қилинган чегирмалар амалда бошқача қўлланилган, акция шартлари тўлиқ тушунтирилмаган, шунингдек, ғолибларга ваъда қилинган совринлар берилмаган.

Хусусан, Андижон вилоятида “Water Life Mineral” МЧЖ томонидан ўтказилган “Орзу ушалсин” акциясида уч нафар иштирокчига жами 60 млн сўмлик соврин топширилмаган. Ушбу ҳолат юзасидан тадбиркорга нисбатан иш қўзғатилиб, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилгани бўйича тегишли қарор қабул қилинган ва кўрсатма берилган.

Наманган вилоятида эса “Наманган автотеххизмат” МЧЖ акциясида Chevrolet Cobalt автомобилини ютиб олган фуқарога ютуғи берилмаган. Телефон рақами нотўғри терилгани сабабли ғолиб билан боғланиш имкони бўлмаган ва автомобиль бошқа шахсга топширилган. Рақобат қўмитаси аралашувидан сўнг машина ҳақиқий ғолибга қайтарилган.

Шунингдек, Намангандаги “Baldini” дўконида 50 фоизлик чегирма эълон қилинган бўлса-да, маҳсулотларда нархномалар бўлмаган. Бухоро шаҳридаги “IDEA” дўконида эса 20, 50 ва 60 фоизлик чегирмалар маҳсулотнинг умумий нархига эмас, муддатли тўловнинг ойлик тўловларига нисбатан қўлланилган.

Самарқанд вилоятида “Самарқанд Автотеххизмат” МЧЖ автомобиль харид қилган мижозларга маиший техника совға қилиш акциясини ўтказган. Бироқ совғалар фақат Chevrolet автомобили учун тўлиқ олдиндан тўлов қилган харидорларга берилиши белгиланган. Муддатли тўлов асосида автомобиль олганлар ва юридик шахслар акцияда иштирок эта олмаган. Ўрганиш натижасида қоидабузарликлар аниқланиб, корхонага бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.

Қашқадарё вилоятида “IDEA” бренди томонидан смартфонларни бўлиб тўлаш асосида харид қилишга оид акциялар рекламасида ҳам камчиликлар кузатилган. Жумладан, акциядаги маҳсулотлар сони, уларнинг олдинги 30 кун давомидаги энг паст нархлари ва “1+1” акциясида қўшимча қайси маҳсулот берилиши аниқ кўрсатилмаган.

Маълумотларга кўра, аниқланган 65 та камчиликнинг 59 таси, яъни 90,7 фоизи ҳуқуқий тушунтиришлар ва огоҳлантириш хатлари орқали бартараф этилган. Тўртта тадбиркорлик субъектига нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли қарор ва кўрсатмалар берилган. Истеъмолчилар фойдасига эса қарийб 250 млн сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Қўмита акция ва чегирмалар устидан назоратни кучайтириш мақсадида янги рақамли механизмларни жорий этиш бўйича таклифлар тайёрламоқда.

Жумладан, QR-код орқали маҳсулотнинг аввалги нархлари ва чегирманинг ҳақиқий миқдорини текшириш, акция шартларини бошланишидан олдин электрон тизимда қайд этиш ҳамда маҳсулотлар нархлари тарихини рақамлаштириш таклиф этилмоқда.

Қўмитага кўра, бу чоралар чегирмалар шаффофлигини ошириш, харидорларни чалғитувчи ҳолатларнинг олдини олиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жорий йилнинг саккиз ойида текширилган 558 номдаги маҳсулотнинг 73 таси сифат талабларига жавоб бермагани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends