Ла Лига президенти Мбаппенинг гаплари учун Хитой халқидан узр сўради

Спорт

−

image

Испания Ла Лигаси президенти Хавьер Тебас “Реал Мадрид” ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппенинг баёнотлари ортидан юзага келган можаро сабабли Хитой халқидан узр сўради.

Аввалроқ, Хитойда Мбаппе иштирокидаги интервью атрофида баҳс-мунозара келиб чиққан эди. Хитой оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, футболчи ўзи ёқтирадиган интернет мемлари ҳақида гапирар экан, Хитойга нисбатан ҳақоратли мазмундаги фикр билдирган. Ғарб нашрлари эса унинг ҳазили тарихий хитойлик сиёсий арбоб билан боғлиқ бўлганини ёзган.

Хабарларга кўра, шундан кейин бир нечта Хитой компанияси футболчи билан ҳамкорликни тўхтатган. Шунингдек, Хитой марказий телевидениеси (CCTV) билан боғлиқ ахборот платформалари Мбаппе ҳақидаги материалларни олиб ташлаган.

Тебас ижтимоий тармоқлардаги баёнотида Ла Лига номидан Хитой халқидан самимий узр сўради. У Хитой, унинг давлат идоралари, спорт ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва испан футболи мухлислари билан йиллар давомида ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликка асосланган муносабатлар ўрнатилганини таъкидлади.

“Биз бир кишининг хатти-ҳаракатлари ушбу муносабатларга путур етказишига ёки профессионал мусобақаларимизда иштирок этаётган 20 дан ортиқ клуб ва миллионлаб хитойлик мухлисларга зарар келтиришига йўл қўя олмаймиз”,  деб ёзди Ла Лига раҳбари.

Тебас вазиятни бартараф этиш учун Хитойдаги ҳамкорлар билан яқиндан иш олиб борилаётганини ҳам маълум қилди. Ла Лига эса келгусида шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида клублар ва футболчилар билан биргаликда маданий ҳассослик ҳамда мулоқот бўйича махсус протокол ишлаб чиқишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мбаппе Мао Цзэдун ҳақидаги ҳазилидан сўнг Хитой халқидан кечирим сўраганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг