Ла Лига Майамида ўтказилиши режалаштирилган ўйинни бекор қилди

Спорт

image

Ла Лига ташкилоти жорий йилнинг 20 декабрь куни АҚШнинг Майами шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган лига ўйини бекор қилинганини маълум қилди. Қарор ташкилотчи компания билан ўтказилган учрашувлардан сўнг, Испанияда сўнгги ҳафталарда юзага келган ноаниқликлар сабаб қабул қилинган. Бу ҳақда Ла Лига расмий сайти хабар берди.
 
Ла Лига узоқ музокаралардан сўнг UEFA ва Испания футбол федерациясидан чет элда расмий лига ўйинини ўтказишга рухсат олган эди. Бироқ сўнгги ҳафталарда футболчилар, айрим клублар ва мухлислар томонидан бу ташаббусга қарши норозиликлар кучайган. Айрим футболчилар ҳатто лига ўйинлари бошида майдонда бир неча сония тўхтаб, рамзий норозилик билдирди.

Ташкилот ўз баёнотида бу лойиҳа амалга ошмай қолганидан чуқур афсусда эканини маълум қилди. Ла Лиганинг қайд этишича, Испания ҳудудидан ташқарида расмий ўйин ўтказиш нафақат рақобатнинг глобал ўсишига, балки клубларнинг халқаро иштирокини кучайтириш, ўйинчиларни кенгроқ аудиторияга танитиш ва Испания футболининг АҚШ каби стратегик бозорларда кўринишини оширишга хизмат қилган бўларди.

Расмий маълумотда лойиҳа барча федератив қоидаларга тўлиқ мос келгани, рақобатнинг яхлитлигига таъсир кўрсатмагани ва тегишли муассасалар томонидан тасдиқлангани таъкидланган.

“Премьер-лига ва UEFA Чемпионлар лигаси ўз қамровини кенгайтиришда давом этар экан, испан футболининг барқарорлиги ва ўсишини таъминлаш учун шундай ташаббуслар зарур. Бундай имкониятлардан воз кечиш клубларнинг янги даромад манбаларини чеклайди ва уларнинг рақобатбардошлигини пасайтиради”,  дейилади Ла Лига расмий баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испания Ла Лигаси 9-тур учрашувларида жамоалар учрашувнинг дастлабки 20 сониясида топга тегинмай рамзий маънода Майамида ўтиши режалаштирилган Ла Лига учрашувига қарши эканликларини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ла Лига UEFA Майами

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг