Квартирасида 16 мингдан зиёд “таблетка” сақлаётган шахс ушланди
3-саҳифа
−
14 Июль 3479 2 дақиқа
Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида ижарадаги уйида 16 249 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сақлаётган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона идоралари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган. Хусусан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида истиқомат қилувчи 1992 йилда туғилган шахснинг Янгиҳаёт туманидаги ижарадаги яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 16 249 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Маълум бўлишича, у муқаддам Telegram мессенжери орқали савдо қилувчи шахс томонидан Сергели тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган ушбу дори воситаларини олиб, келгусида мижозларга сотганидан сўнг, наркосавдогарга 16 минг АҚШ доллари бериши керак бўлган.
Билдирилишича, ҳозирда дорифуруш фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракати олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноят содир этгани учун 4195 нафар шахс ушлангани хабар қилинганди.
Live
Барчаси