Кушербоев Artel монополияси ва унинг “крыша”си ҳақида гапирди
Жамият
−
13 Октябрь 2019
34971Тошкент шаҳар ҳокими, таниқли тадбиркор, Ўзбекистондаги ўнлаб ширкатлар таъсисчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг “Artel” бренди остидаги маиший техникалари нафақат маҳаллий бозорда, балки қўшни мамлакатларда ҳам ўз ўрнини топишга улгурди. Қўшни мамлакатларда ушбу бренд маҳсулотлари сотуви кишини қувонтирса, маҳаллий бозорда бренд монополист сифатида кўриб келинади. Айниқса, бу гаплар 2018 йил охирларида кун тартибига чиқди.
Хориждан келтирилган маиший техникаларга импорт божи оширилиши ортида “Artel”нинг иштироки борми? Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев “Artel” монополияси билан боғлиқ масалаларга тўхталди. Жумладан, Кушербоев шундай ёзади:
"Бу фикрларимни сайлов жараёни ёки бошқа шахсий манфаатларга алоқаси йўқ, деб қабул қилишларини истардим.
Мен монополиянинг ҳар қандай шаклига қаршиман. Биздаги кўпгина мағлубиятлар у сабаб ва афсуски давлат манфаатлари юзасидан табиий монополияга ҳозирча чидаш керак бўлаяпти, бироқ бу ҳам вақтинча.
Чунки монополия шароитида бир инсон ёки бир гуруҳ шахсларнинг бойиши, яхши яшаши учун бошқалар қурбон қилинади.
Монополия эркинликни чеклайди, рақобатни ўлдиради, ривожланишни ортга қайтаради, у жамиятни иқтисодий қулликка етаклайди. Балки оширворгандирман, лекин бор гап шу".
Депутатнинг қайд этишича, “Artel” расман монополист бўлишга интилмаяпти. Норасман эса...
“Artel” монополист эмаслигига ишонгимиз келади, ҳақиқатан де юре у монополист эмас ва бунга интилмаяпти, бироқ де факто интилаяпти. Буни импорт маҳсулотларига қўйилаётган турли тўсиқ ва оширилган божлар мисолида кўрса ҳам бўлади.
Яқинда иқтисодчи Юлий Юсупов импортдаги чекловлар ортидан “Artel”ни қулоғи кўринаётганини, бизнинг вазирлик ва идоралар биргина компания манфаатлари учун ишлаётгандек туюлаётганини билдирганди. Ўз ўрнида “Artel” норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, Ўзбекистонда иқтисодиёт эркин бозор принципларига кўра ишлашини маълум қилди. Оддий айтганда, “Artel” лоббизм билан шуғулланмаган. Мен бунга ишонаман. Чунки расман “Artel”да сиёсатда лоббизм учун сиёсий суянчиқ йўқ. Амалда эса... Унга биргина шу нарса расман етишмаётганди”, деб ёзади Кушербоев.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган ва навбатдаги сайловларда ҳам номзодини қўймоқчи эканини яширмаётган Кушербоев сўзида давом этаркан, “Artel” сиёсий куч сифатида "Миллий тикланиш" партиясига суянаётганини айтади.
“Куни кеча “Artel” "Миллий тикланиш" партиясини танлаганини англадим. Партия эмас, "Artel" танлади ва монополия сари интилишда сиёсий "крыша"га эга бўлди расман. Энди лоббизм билан расман шуғулланиш ва қонунчилик орқали де юре монопол бўлишга ҳаракат қилиш имконияти пайдо бўлди.
Иқтисодиётда барча учун тенг имконият ва шароитлар яратилмас экан, кўпчилик камчиликнинг манфаати учун қулликка маҳкум бўлади. Биз иқтисодиётда эркинлик, тенглик ва монополиядан ҳолилик тарафдоримиз.
"Миллий тикланиш"га эътирозим йўқ, омадини берсин. Фақат монополия нима эканлигини унутмасалар бўлди.
Ўзимни эса бир савол ўйлантираяпти: “Artel” монополия учун "крыша"ликка бошқа партияни танлаганда, вазият қандай бўларди?”, деб сўзларини якунлайди Кушербоев.