Ортиқхўжаев қайтадими?
Таҳлил
−
24 Август
12032Президент томонидан кескин танқид қилиниб, пойтахт ҳокими лавозимидан олинган Жаҳонгир Ортиқхўжаев Президент атрофида кўриниш берди. Хабарингиз бўлса керак, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. 23 август куни Озарбайжон ва Ўзбекистон Президентлари иштирокида мамлакат ишбилармон доира вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, таниқли тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам қатнашди.
Ишбилармон доира вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Ортиқхўжаевдан ташқари, тадбиркор Зафар Ҳошимов ва ERIELL Group бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов ҳам қатнашган. Собиқ шаҳар ҳокими учрашувда бошқа тадбиркорлар қаторида эмас, балки Шавкат Мирзиёевнинг чап томонидан иккинчи бўлиб Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг ёнида ўтирган. Шунингдек, у бу даврада сўз ҳам олган.
Ортиқхўжаев Президентнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида тадбиркорлар билан учрашувда ҳам кўрган эдик, деяётгандирсиз. Ҳа, собиқ ҳоким куни кеча Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда кўриниш берганди. Ишдан олинганидан буён биринчи марта мамлакат миқёсидаги Президент иштирокидаги тадбирда қатнашганини кўпчилик сезди. Лекин бу учрашув юқорида айтганимиздек, Президент ва тадбиркорлар учрашуви эди.
Нима учун Ортиқхўжаевнинг бу учрашуви журналистлар эътиборига тушганига алоҳида тўхталамиз. Сабаби оддий собиқ ҳоким 2023 йил 16 январь куни Президент ҳузурида бўлиб ўтган энергия ресурслари таъминоти юзасидан йиғилишда шахсан Шавкат Мирзиёев томонидан танқид қилиниб, “оёғи ердан узилган”ликда айбланиб, ишдан олинган эди. Ўшанда Мирзиёев Ортиқхўжаевни ишдан олганини шундай изоҳлаган эди.
“Шунча гапирганимиз билан Вазирлар Маҳкамаси масъуллари қаерга қараяпти, деган савол мени қийнаяпти. Шу боис қиш мавсумига лозим тарзда тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевни ишдан олдим. Кечаси штабда мен уни ишдан олдим. Қуруқ гап, ёлғон ҳисобот билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун ишдан олдим”, деганди Шавкат Мирзиёев.
Президент Ортиқхўжаевнинг огоҳлантиришларга қарамай қишга лозим даражада тайёргарлик кўрмаганини танқид қилганди ўшанда.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилганидан кейин ҳукумат тадбирларида кўриниш бермаётган эди. Ва эълон қилинган шу сурат кўпчиликда Ортиқхўжаев ҳукуматга яна қайтадими, деган саволни ўртага ташлади.
Аслида собиқ ҳокимни шахсан Президентнинг ўзи ҳоким лавозимига қўйганди. Шавкат Мирзиёев уни илк бор халққа Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг 2018 йил 30 апрель – 1 май кунлари амалга оширган ташрифи доирасида Тошкентда бўлиб ўтган бизнес форумида таништириб, янги ҳоким мутлақо бошқа муҳитдан етишиб чиққани, бюрократия тизимида ишламагани, ҳақиқий тадбиркор эканини айтганди.
“Биринчи марта Ўзбекистон тарихида ишбилармон, ўзим ишонган ишбилармонни Тошкент шаҳар ҳокими қилиб тайинладим. Бу тарихда бўлмаган”, деган эди Мирзиёев.
Ҳоким бўлгунча давлат ишида фаолият юритмаган, тадбиркорлик билан шуғулланган Ортиқхўжаев ҳокимлик даврида кўп танқидларга учради. Қишга яхши тайёргарлик кўрмагани тамғаси билан ишдан олинган ҳоким ўрнини 2018 йилдан буён Президентга берган ваъдасини бажармай келган “Ўзавтосаноат” компанияси раҳбари Шавкат Умурзоқов эгаллади. Кўпчилик уни “Ўзавтосаноат” компанияси раҳбари сифатида танийди.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан олинганидан сўнг QALAMPIR.UZ пойтахт кўчаларида сўровнома ўтказди, кимдир унинг кетганидан хурсанд бўлса, яна кимдир пойтахт учун ундан-да муносиброқ ҳоким бўлмагани ҳақида гапирганди ўшанда.
Лекин одамлар шаҳарга тайинланган янги ҳокимни танимаган ҳам.
QALAMPIR.UZ пойтахтнинг янги ҳокимига “собиқ шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан қандай муаммоли мерос қолди?” деб савол берганида шундай жавоб олганди:
“Мен вақтимни орқадаги нарсани ковлашга сарфламайман. Вақтим қимматроқ ва олдинга қарашга ҳаракат қиламан. Аҳоли сони 100 мингга ўсяптими, ҳамма нарсани баравар олиб бориш керак. Ҳеч нарсани ўз-ўзидан бажариб бўлмайди. Илм боилан қилиш керак. Кўчаларни “асфальт”лаш мумкин, лекин бу тирбандлик муаммосини ҳал қилмайди”, деган эди шаҳар ҳокими.
Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Президент томонидан “оёғи ердан узилган” деган тамға билан ишдан кетди. У кетиб шаҳар обод бўлди, ёмғир туфайли Тошкентни сув босмади ёки “свет”, газ масаласи ҳал бўлди, деб айтолмаймиз.
Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ҳам яхши, ҳам ёмон хотира билан эслайдиганлар талай, албатта. Ҳокимларни халқ сайламаган тақдирда ҳам тайинланган ҳоким бирор ўзгариш қилишидан умид узмайди одамлар. Ҳозирча кўпчилик янги шаҳар ҳокимини дўконлардаги чириган меваларни текшириб юргани билан таний оляпти, холос.
Юқоридаги масала – ҳокимнинг ҳукуматга қайтиши масаласига тўхталсак. Ҳа, қаттиқ танқидлар билан ишдан кетган ҳоким Президент яқинида кўзга ташланди. Ўзи умуман ишдан кетганидан буён ҳали у, ҳали бу лавозимга тайинланади деган гаплар тингани йўқ. Кимдир Ортиқхўжаев Бош вазирга маслаҳатчи бўларкан деса, яна кимдир Бош вазир бўлиши мумкин, деди. Бугунги кунда QALAMPIR.UZ’нинг қулоғига Ортиқхўжаев умуман бошқа лавозимга тайинланиши ҳақида пичирлаганлар ҳам бўлди. Хуллас, бугунча бизда шунақа гаплар, воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ’да кузатинг.
LiveБарчаси