Куртуа Бельгия терма жамоасидаги фаолиятини вақтинча тўхтатди

Спорт

image

“Реал Мадрид” дарвозабони Тибо Куртуа Бельгия терма жамоасидаги фаолиятини вақтинча тўхтатиб, Миллатлар лигасининг жорий мавсумида иштирок этмасликка қарор қилди. Бу ҳақда у HLN нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

“Мен Бельгия билан Миллатлар лигасининг бутун кампаниясида иштирок этмасликка қарор қилдим. Агар бош мураббий жароҳатлар сабабли муаммога дуч келса, истисно тариқасида чақирилишим мумкин. Бу ҳолатда ҳатто эҳтимолий финал тўртлигида ҳам ўйнамайман”, дейди Куртуа.

Шу билан бирга, 34 ёшли дарвозабон терма жамоадаги фаолиятини якунламаганини таъкидлаган. У Евро-2028 саралаш босқичи ўйинларида Бельгия терма жамоаси ихтиёрига қайтишга тайёрлигини билдирган.

Бельгия терма жамоаси Миллатлар лигасидаги навбатдаги учрашувини жорий йилнинг 25 сентябрь куни сафарда Италияга қарши ўтказади.

Маълумот учун, Куртуа терма жамоа сафида 115 та ўйин ўтказган. У 2014, 2018, 2022 ва 2026 йиллардаги Жаҳон чемпионатларида иштирок этган. 2018 йилги мундиалда Бельгия терма жамоаси билан бронза медалига эга чиққан.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг