Курскка КХДРдан биринчи ҳарбий хизматчилар етиб келди – Украина разведкаси

Олам

image

КХДРдан аввалроқ Россия полигонларида тайёргарликдан ўтган биринчи ҳарбий қисмлар Курск вилоятига етиб келди. Бу ҳақда кеча, 24 октябрь куни Украина Бош разведка бошқармаси маълум қилди.

Қайд этилишича, бир кун аввал жанговар зонада КХДР аскарини кўришган. Уларнинг машғулотлари Россия шарқида жойлашган бешта ҳарбий полигонда бўлиб ўтган. Булар:

  1. Уссурийскдаги "Барановский",
  2. "Донгуз" (Улан-Уде),
  3. "Экатеринославский" (Экатеринославка),
  4. 248-чи ("Княз-Вольконский") ва
  5. 249-чи (Сергеевка)",

Украина разведка хизматларининг ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Кореянинг 12 мингга яқин ҳарбий хизматчиси, жумладан, 500 офицер ва учта генерал Россияга ўтказилган. Уларни тайёрлаш ва мослаштириш учун Россия Мудофаа вазири ўринбосари Юнус-Бек Эвкуров масъул этиб тайинланган.

Маълумот учун, Жанубий Корея миллий разведка хизмати аввалроқ Шимолий Корея илк ҳарбий гуруҳни тайёргарликдан ўтиш учун Владивостокка юборганини хабар қилган эди. Шунингдек, Пхеньян жами 12 минг кишилик тўртта бригадани Украинага қарши урушда иштирок этиш учун Россияга тақдим этишни режалаштираётгани айтилганди. Бундан ташқари, махсус бўлинмалар ҳамда Россиянинг Су-25 ва МиГ-29 самолётларини бошқарадиган учувчилар ҳам фронтга юборилиши мумкин. НАТО иттифоқчилар Шимолий Корея қўшинларининг Россияга ўтказилиши ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади. Бироқ 21 октябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеяси ишчи гуруҳи йиғилишида Шимолий Кореянинг доимий вакили Ким Сонг унинг мамлакати ўз аскарларини Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россияга жўнатгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, бундай маълумотни “асоссиз миш-мишлар” деб атади.

Қайд этиш жоиз, кеча, 24 октябрь куни Россия Давлат Думаси мамлакат Президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўртасида жорий йилнинг июнь ойида Пхеньянда имзоланган икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик ҳамкорлик шартномасини бир овоздан ратификация қилди. Ҳужжат де-факто ҳарбий иттифоқни англатади. Хусусан, ушбу келишувнинг 4-моддасида агар томонлардан бири бир ёки бир нечта давлатнинг қуролли ҳужуми туфайли уруш ҳолатига тушиб қолса, иккинчиси зудлик билан унга мавжуд барча воситалари билан ҳарбий ёрдам кўрсатиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Президенти Владимир Путин Шимолий Кореянинг Россия ҳудудидаги ҳарбийлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, КХДР билан стратегик ҳамкорлик шартномасида ҳарбий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги модда борлигини эслатганди. “The Wall Street Journal” нашрининг ёзишича, ҳужжатда КХДР ҳарбийларини Россия аскарлари билан машғулотларга жўнатиш имконини берувчи махфий банд бор.  


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Шимолий Корея Украина КХДР

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг