Россия Думаси КХДР билан ҳарбий ҳамкорлик шартномасини ратификация қилди
Олам
−
24 Октябрь
3072Россия Давлат Думаси мамлакат Президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўртасида жорий йилнинг июнь ойида Пхеньянда имзоланган икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик ҳамкорлик шартномасини бир овоздан ратификация қилди. Бу ҳақда Дума сайтида эълон қилинди.
Қайд этилишича, ҳужжат де-факто ҳарбий иттифоқни англатади. Хусусан, ушбу келишувнинг 4-моддасида агар томонлардан бири бир ёки бир нечта давлатнинг қуролли ҳужуми туфайли уруш ҳолатига тушиб қолса, иккинчиси зудлик билан унга мавжуд барча воситалари билан ҳарбий ёрдам кўрсатиши белгиланган.
КХДР етакчиси Ким Чен Ин ушбу шартномани фақат тинч ва мудофаа характерига эга эканини таъкидлаган ва бир вақтнинг ўзида Россиянинг Украина билан олиб бораётган урушини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган. Путин эса унга бу масалада изчиллиги учун миннатдорлик билдириб, АҚШ ва унинг “йўлдошлари”нинг империалистик сиёсатига қарши курашга содиқлигини қайд этган.
Маълум бўлишича, шартнома жами 23 моддадан иборат. Улар орасида космик ва ядровий соҳалар, савдо, иқтисодиёт ва инвестициялар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ҳам назарда тутилган.
Шартнома чексиз муддатга амал қилади. Россиянинг шунга ўхшаш шартномаси илгари фақат Мўғулистон билан мавжуд бўлган.
Қайд этиш жоиз, Жанубий Корея миллий разведка хизмати аввалроқ Шимолий Корея илк ҳарбий гуруҳни тайёргарликдан ўтиш учун Владивостокка юборганини хабар қилган эди. Шунингдек, Пхеньян жами 12 минг кишилик тўртта бригадани Украинага қарши урушда иштирок этиш учун Россияга тақдим этишни режалаштираётгани айтилганди. Бундан ташқари, махсус бўлинмалар ҳамда Россиянинг Су-25 ва МиГ-29 самолётларини бошқарадиган учувчилар ҳам фронтга юборилиши мумкин. НАТО иттифоқчилар Шимолий Корея қўшинларининг Россияга ўтказилиши ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади. Бироқ 21 октябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеяси ишчи гуруҳи йиғилишида Шимолий Кореянинг доимий вакили Ким Сонг унинг мамлакати ўз аскарларини Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россияга жўнатгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, бундай маълумотни “асоссиз миш-мишлар” деб атаганди.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин ҳужжатни ратификация қилиш учун 14 октябрь куни Давлат Думасига киритган эди.
LiveБарчаси
Путин Тўқаевга ҳам ҳамдардлик билдирди.
28 Декабрь