Путин Думага КХДР билан ҳарбий ҳамкорлик битимини тақдим этди
Олам
−
15 Октябрь
3380Россия Президенти Владимир Путин Давлат думасига Россия ва Шимолий Корея ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик шартномасини ратификация қилишни таклиф қилди. Бу бўйича тегишли қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг электрон маълумотлар базасида эълон қилинди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 19 июнь куни Путиннинг Пхеньянга ташрифи чоғида имзолаган 23 моддадан иборат шартнома де-факто ҳарбий иттифоқни назарда тутади. Чунки унда икки давлатдан бирига ҳужум қилинган тақдирда “барча мавжуд воситалар билан” ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги банд мавжуд.
Янги давлатлараро шартнома 1961 йилдаги “Дўстлик ва ўзаро ёрдам” шартномаси, 2000 йилдаги “Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги” шартнома, шунингдек, 2000 ва 2001 йилларда имзоланган “Пхеньян ва Москва декларациялари” ўрнини эгаллаши кутилмоқда. “Ижтимоий фикр” жамғармаси сўровига кўра, янги келишувни россияликларнинг 70 фоизи ижобий баҳолаган.
Қайд этиш жоиз, Путин шартномани Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Шимолий Корея Россиянинг Украинага қарши урушига амалда қўшилгани ҳақида баёноти фонида ратификация қилиш учун тақдим этди.
Аввалроқ, “The Guardian”нинг Украинадаги манбаси КН-23 баллистик ракеталарини қўллаб-қувватловчи гуруҳлар таркибида ўнлаб шимолий кореяликлар фронт чизиғи бўйлаб Россия томонида бўлганини айтган. Бунгача ҳам Украина разведкаси Донецк вилоятининг босиб олинган қисмига Украина қуролли кучларининг ҳужуми оқибатида КХДРнинг олти зобити ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зеленский Россия армияси Шимолий Корея аскарлари билан тўлдирилаётганини эълон қилган эди.
LiveБарчаси