Кулга айланган Лос-Анжелес (фоторепортаж)
Олам
−
12:29
6126Бир неча кундан бери давом этаётган ўрмон ёнғинларидан сўнг Лос-Анжелеснинг катта қисми ёниб кулга айланди. Сўнгги маълумотларга кўра, 11 киши ҳалок бўлган, 10 мингдан зиёд бино вайрон бўлган.
Лос-Анжелес аҳолиси шаҳар атрофидаги ҳолатни “даҳшат ва умидсизлик” сўзлари билан тасвирламоқда. Ёнғин етиб борган жойлар бутунлай кулга айланган. Бу эса тарихий Дрезденни иттифоқчиларнинг бомбардимонларидан кейинги ҳолатига қиёсланмоқда.
Иккита энг йирик ёнғин ўчоғи ҳанузгача ўзининг ҳалокатли таъсирини кўрсатмоқда ва ҳозиргача 10 мингдан ортиқ бинолар – уйлар, киностудиялар, дўконлар ва бошқа иншоотларни вайрон қилган. Ёнғинлар келтирган зарарнинг умумий кўламини аниқлашнинг иложи йўқ, чунки офат ҳали ҳам давом этмоқда. Эртага, 12 январь куни эса шамолнинг кучайиши кутилмоқда, бу эса вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.
Ёнғин қурбонлари сони расман 11 кишига етди. Моддий зарарнинг баҳоси кундан-кунга ўсиб бормоқда ва бу кўрсаткич Калифорния тарихидаги энг катта рекордга яқинлашмоқда. Шунга қарамай, маҳаллий суғурта компаниялари товон пулини тўлашдан қочиш учун турли баҳоналар қидирмоқда ва ўз бизнесларини бошқа штатларга кўчириш ҳақида ўйламоқда.
Полиция бир неча талончиларни қўлга олган. Улар қимматбаҳо уйлар харобаларида ўғирлик қилишга уринган. Шунингдек, бир киши қасддан ёнғин чиқаришда гумон қилиниб ҳибсга олинган. Шаҳарда ёнғинларни атайлаб келтириб чиқараётган жиноий гуруҳлар фаолият юритаётгани ҳақидаги миш-мишлар кенг тарқалмоқда.
Ўт ўчирувчилар сув танқислиги туфайли ёнғинларга қарши самарали чора кўра олмаяпти. Федерал ҳокимиятлар ҳозирда гидрантларда сувнинг тез тугаш сабабларини аниқлашга уринмоқда. Шундай шароитда ёнғин ҳали ҳам ўзининг ҳалокатли йўлини давом эттирмоқда.