Кулеба Германия расмийларини Меркелнинг “хатосини” такрорламасликка чақирди
Олам
−
01 Июль 2023
7885Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Германия ҳукуматини собиқ канцлер Ангела Меркель каби ўз мамлакатининг НАТОга киришига қарши чиқмасликка чақирди. Бу ҳақда у бугун, 1 июль куни “Welt am Sonntag” газетасига берган интервьюсида сўз очди.
“Менинг сигналим оддий: канцлер Меркель 2008 йилда Бухарестда Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши бўйича ҳар қандай тараққиётга қарши чиққанида қилган хатосини такрорламанг”, дейди Кулеба.
Унинг айтишича, Меркелнинг ҳаракатлари Россия томонидан Қримнинг аннексия қилинишига хизмат қилган. Украина вазирининг сўзларига кўра, НАТО етакчиларининг хатоси шундаки, улар Украинанинг альянсга аъзо бўлишини “янги уруш сари йўл” деб билади.
"Аслида эса бу тинчликка олиб борадиган йўл", дея таъкидлаган Украина ТИВ раҳбари.
Шунингдек, Кулеба Ғарб давлатлари Киевга жанговар самолётлар етказиб беришига умид билдирган.
"Аммо биз реалист бўлишимиз керак: F-16 ёки бошқа Ғарб самолётларини етказиб бериш вақт талаб этади. Биз учувчилар ва техникларни, инфратузилмани тайёрлашимиз ва уларни етказиб бермоқчи бўлган давлатлардаги баъзи ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилишимиз керак. Яхши хабар шундаки, бу ишларнинг ҳаммаси ҳозирданоқ олиб борилмоқда. Ғарб самолётлари Украина ҳаво ҳудудида жанг қилишига шубҳа қилмайман", деган Кулеба.
Бундан ташқари, ТИВ раҳбари Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми пайтида муаммолар мавжудлигини тан олган ва бу бошқа нарсалар қатори, Россиянинг ҳаводаги устунлиги билан боғлиқ эканини айтган.
“Бизнинг қуруқликдаги қўшинларимиз ҳаво ҳужумидан мудофаа қобилиятига эга эмас. Вертолётлар ва самолётлардан кенг фойдаланиш орқали улар бизнинг қарши ҳужумдаги кучларимизга зарба беришга муваффақ бўлди. Энг муҳими, биз ҳамма нарсага қарамай, олдинга интиляпмиз”, деган Украина Ташқи ишлар вазири.
Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш масаласи
Шу йилнинг 11-12 июль кунлари бўлиб ўтадиган НАТО саммити арафасида Киев альянсга қўшилиш даъволари билан боғлиқ риторикани кучайтирган. Кулеба ҳар куни блокка кирган мамлакатлардаги мавқедошлари билан телефон суҳбатларида шу масалани муҳокама қилган. Украина Президенти девонининг раҳбари Андрей Ермакнинг айтишича, Киев ушбу саммитда ташкилотга соддалаштирилган тартиб асосида аъзо бўлиш таклифини олишни кутмоқда.
Шу билан бирга, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳарбий ҳаракатлар пайтида Украинани альянсга қабул қилиш мумкин эмаслигини, аъзо давлатлар ва Киев буни тушунишини айтган. Унинг сўзларига кўра, Вильнюсдаги саммитда Украинани альянсга яқинлаштириш, Украина-НАТО кенгашини тузиш ва Киевга кўп йиллик ҳарбий таъминот дастурини таъминлаш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, Украина Президенти Владимир Зеленский Киевда Испания Бош вазири Педро Санчес билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Ғарбдаги ҳамкорларини украиналик ҳарбийларни F-16 қирувчи самолётларини бошқаришга ўқитишни кечиктиргани учун қоралаб, ўқув миссиялари жадвали ҳалигача йўқлигини айтганди.
LiveБарчаси