“Кўк дубулғалилар” Ливан жанубидаги миссиясини якунлаяпти
Олам
−
29 Август 3493 1 дақиқа
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливан жанубидаги тинчликпарвар миссиясининг Исроил ва Ливан ўртасидаги “кўк чизиқ” деб аталадиган ҳудудда патруллик қилиши 2026 йил охирида якунланади. Бундай қарор кеча, 28 август куни Нью-Йоркдаги БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши тинчликпарвар кучларнинг мандатини 2025 йил 31 декабргача – миссия тарихидаги сўнгги муддатга узайтириш учун овоз берди. БМТ резолюциясида айтилишича, унинг муддати тугагач, Ливан ҳукумати билан яқин ҳамкорликда миссиянинг ташкилий қисми – “ходимларини қисқартириш ва олиб чиқиш” бошланади. Жараён бир йил ичида амалга оширилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги Муваққат кучлари (UNIFIL) мамлакатда 1978 йилдан буён фаолият юритади ва 10 000 дан ортиқ ҳарбий ва фуқаролик ходимларидан иборат. У Исроил ва Ливан ўртасида буфер бўлиб хизмат қилиш учун яратилган. 2006 йилда Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ва Исроил ўртасидаги урушдан сўнг, БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси асосида тинчликпарвар кучларнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди.
Ушбу резолюцияга кўра, Исроил билан чегара зонасида фақат UNIFIL ва Ливан армияси қўшинлари бўлиши керак. Бироқ, шунга қарамай, “Ҳизбуллоҳ” у ерда бўлишда давом этди. Исроил миссияни ўз мандатини бажармаганликда айблайди.
Live
Барчаси