Кубада кучли зилзила содир бўлди
Олам
−
11 Ноябрь
4633Кеча, 10 ноябрь куни Куба шарқида кучли зилзила содир бўлди. Бу ҳақда АҚШ Геологик хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Кубанинг жануби-шарқий соҳилида, Бартоломе Масо муниципалитети яқинида 14 километр чуқурликда 6,8 магнитудали зилзила содир бўлган.
Мазкур ҳодисадан тахминан бир соат аввал унга яқин ҳудудда 5,9 магнитудали зилзила қайд этилган.
“Кўчкилар юз берди, уйлар ва электр узатиш тармоқларига зарар етди. Биз зарарни баҳолашга киришдик. Биринчи навбатда ва энг муҳими – ҳаётни сақлаб қолиш”, деб ёзди Куба Президенти Мигель Диас-Канель Х ижтимоий тармоғида.
Маҳаллий аҳоли журналистларга бу уларнинг хотирасида қолган энг кучли зилзила эканлигини айтди. Уларнинг сўзларига кўра, уйлар ва бинолар кучли силкинган, идиш-товоқ, стакан ва вазалар жавонлардан тушиб кетган.
Ҳокимият органлари зарар кўрган ҳудудлар аҳолисини такрорий силкинишлар содир бўлган тақдирда очиқ жойларда қолишга чақирган.
Кубалик сейсмологларга кўра, зилзиланинг кучли бўлганига қарамай, цунами хавфи йўқ.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 октябрь куни Туркиянинг Малатья шаҳри Кале туманида, 5,9 магнитудали зилзила содир бўлганди. Зилзила чуқурлиги – 10,07 километр, эпимаркази Малатья шаҳридан 47 км шарқда жойлашган. Бу Диёрбакир ва Элязиг каби қўшни вилоятларда ҳам сезилган.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси