“Крокус” теракти бўйича суд бошланди. Фаридуни айбига иқрор
Олам
−
16 Декабрь 15260 4 дақиқа
Россиянинг Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди 149 кишининг ҳаётига зомин бўлган “Крокус сити Ҳолл”даги террорчилик ҳужуми билан боғлиқ жиноят иши бўйича асосий судланувчилардан бири тожикистонлик Шамсиддин Фаридунини сўроқ қилишни бошлади. Ишда 19 нафар судланувчи бор ва суд ёпиқ эшиклар ортида ўтказилмоқда.
Жабрланувчиларнинг адвокати Людмила Авварнинг маълум қилишича, судланувчи айбини тан олган, бироқ, у нима қилаётганидан бехабар бўлган.
Террорчилар томонидан ёлланишидан олдин у новвой бўлиб ишлаган, қўшнилари уни “тинч, виждонли йигит” деб таърифлаган. Бироқ, у вояга етмаган шахсга жинсий тажовуз қилгани учун жазони муддатини ўтаб, 2020 йилда озодликка чиққан.
Ҳибсга олинганидан кейинги сўроқ пайтида ва дастлабки тергов давомида Фаридуни Telegram’даги раҳбарлари томонидан унга таклиф қилинган пуллар учун террористик ҳужумда иштирок этишга рози бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, мессенжерда у билан боғланган аноним фойдаланувчи ўзини воизнинг ёрдамчиси сифатида таништирган ва унга “иложи борича кўпроқ одамни – бепарволик билан ўлдиришни” буюрган.
Бундан ташқари, иш материалларига кўра, суд-тиббий экспертизалари жангариларнинг қонида мефедрон борлигини аниқлаган. Фақат Фаридуни улардан мустасно. У тўрт террорчидан айбига тўлиқ иқрор ва пушаймон бўлган ягона ижрочи.
Ўтган ҳафта прокуратура судда ўз далилларини тақдим этишни якунлади. Суд матбуот хизматининг хабар беришича, 4 августдан бери прокуратура 2000 дан ортиқ шахснинг (жабрланувчилар ва гувоҳларнинг) кўрсатмаларини, жиноят жойини текшириш баённомаларини, шунингдек, ҳужжатларни (буюмларни), дастлабки тергов давомида ўтказилган суд-тиббий экспертизаларини, эксперт хулосаларини ва жиноят ишининг 400 дан ортиқ жилдида мавжуд бўлган бошқа маълумотларни текширган.
Тергов маълумотига кўра, ҳужумни Афғонистон ва Покистонда фаолият юритувчи “Вилоят Хуросон” террорчи гуруҳининг аъзолари содир этган. Ҳужумни уюштиришда айрим гумондорлар хориждан келган бўлиб, тайёргарликни чет элда ўтказган. Қолганлари эса Россия ҳудудида турган ва террор акти учун молиявий ва техник воситалар тўплаган. Терговда айтилишича, улардан баъзилари қурол-яроғни ноқонуний тайёрлаб, террорчиларга топширган.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг баёнотида, жиноят содир этилгач, тўрт нафар ижрочи Украинага қочишга уринган, бироқ улар Брянск вилоятида қўлга олинган.
Тергов доирасида 19 нафар шахсга нисбатан жиноий иш судга юборилган.
Улар қуйидаги моддаларга кўра жавобгарликка тортилган:
- 205-модда – террористик ҳужум;
- 205.1 – террорчилик фаолиятига кўмаклашиш;
- 205.3 – террорчилик тайёргарлиги;
- 205.5 – террорчилик ташкилоти фаолиятини ташкил этиш ёки иштирок этиш;
- 222, 222.1 – қурол ва портловчи моддалар билан ноқонуний муомала,
- 223, 223.1 – қурол ва портловчи қурилмаларни ноқонуний ясаш,
- 30-модда 1-қисм – террорчиликка тайёргарлик кўриш;
- 205-модда 2-қисм “а” банди – олдиндан тил бириктириб содир этилган террористик акт;
- 322.3 – чет эллик шахсни Россияда сохта рўйхатга қўйиш;
Жиноий жавобгарликка тортилаётган шахслар орасида Тожикистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларининг фуқаролари ҳам бор.
Маълумот учун, Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига ҳужум 2024 йилнинг 22 март куни тахминан соат 20:00 да содир бўлганди. Тўрт нафар қуролли шахс концертга келган одамларга қарата ўқ узган, аудиторияга ўт қўйган, сўнг бинони тарк этиб, машинада қочиб кетган. Оқибатда 145 киши ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши яраланди. 1,7 мингдан ортиқ киши жабрланувчи сифатида тан олинган, 800 дан ортиқ киши гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.
Ўтган йилнинг 1 ноябрь куни ушбу терактда гумон қилинган яна 4 нафар шахс аниқланди. Уларнинг барчаси мамлакат таркибидаги Ингушетия Республикаси фуқаролари. Улардан икки нафари ҳибсга олинган, яна икки нафари қидирувга берилган. Гумонланувчилар – Ҳусайн Медов, Жаброил Аушев ва Хаваж-Багаудин Алиев Назран туманининг Сурхахи қишлоғида туғилган ва шу қишлоқда рўйхатда туради. Қолган бир нафар гумонланувчи – Ботир Кулаев эса Экажево қишлоғидан экани қайд этилган. Медов (астма касали бор, 2-гуруҳ ногирони) ва Аушев ушланиб, Москвага олиб кетилган. Улар терактда иштирок этганини рад этган, бироқ қурол ва ўқ-дориларнинг ноқонуний савдосига алоқадорлигини тан олган. Алиев ва Кулаев қидирувга берилган.
Ушбу ҳужум замонавий Россия тарихидаги энг йирик терактлардан бирига айланди, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими бўлган “Вилоят Хуросон” гуруҳи ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Live
Барчаси