Кремлда ўлдирилган Россия демократиясининг сўнгги шуъласи
Таҳлил
−
12 Сентябрь
15641Атом можаросидан пайдо бўлган сиёсатчи
80 йилларнинг иккинчи ярмида Совет ҳукумати Москвага бирмунча яқин бўлган Нижний Новгород вилоятида ядровий қозонхона қуришга қарор қилади. Аммо бу пайтда Совет Иттифоқидаги фуқаролар онгида атом технологияси билан боғлиқ барча хабарлар катта қўрқув билан қаршиланарди. Чунки 80-йилларнинг охирларида Чернобиль фожиасининг даҳшатлари барчанинг хотирасида қайноқ ҳолда сақланиб қолаётганди. Советлар томонидан Нижний Новгородда қурилиши режалаштирилган атом иссиқлик таъминоти станцияси ғояси эса Чернобилдаги катастрофадан бир йил ўтар-ўтмас пайдо бўлди. Ортда қолган йилларда СССРдаги атом билан боғлиқ мудҳиш воқеа-ҳодисалар бутун Иттифоқ таркибидаги фуқароларни жиддий хавотирга солиб қўйганди. Албатта, бундай шароитда Нижний Новгород аҳолиси бурнининг тагида қурилиши мумкин бўлган потенциал фалокатга жим қараб тура олмасди. Жамоат фаоллари зудлик билан ушбу лойиҳани бошланмасидан олдин бир ёқлик қилиш кераклигини тушуниб етди. Станция қурилишига қарши амалий ҳаракатлар бошланди. 60 ёшли педиатр Дина Немцова эса ушбу қаршилик ҳаракатининг юзига айланди. У Горький майдонида вилоят ҳудудида ядровий қозонхона қуришга қарши бўлган аҳолининг имзоларини тўплашни бошлади ва буни фаол тарзда давом эттирди. Дина ушбу ҳаракатга янада жиддийроқ тус бериш мақсадида ўз ўғлини ҳам жалб қилишга қарор қилди. Айнан мазкур соҳадаги мутахассис, физика-математика фанлари номзоди, турли тадқиқот институтларида улкан тажриба орттирган ва физика, акустика ҳамда термодинамика бўйича ўнлаб илмий мақолалар муаллифи Борис Немцов бу борадаги қаршилик ҳаракати учун айни муддао эди. 28 ёшли ядро физикнинг илмий фаолиятини ижтимоий норозилик йўналишига буриш Дина учун унчалик қийинчилик туғдирмади. Кунлардан бир кун у ўз ўғлига “сен ҳеч кимга керак бўлмаган илм билан шуғулланяпсан, ҳукумат эса бу ерда атом қозонхонаси қурмоқчи. Сенинг виждонинг борми ўзи?” дея хитоб қилади. Дина Немцова ўғли Борисга ушбу сўзларни жуда кўп бор таъкидлайди ва ундан ҳатто физик сифатида газетага бундай лойиҳанинг ўринсизлиги ҳақида мақола ёзишни талаб қилади. Узоқ қистовлардан сўнг Борис Немцов онаси билан биргаликда табиий офатга сабаб бўлиши мумкин бўлган экологик ҳаракатга қўшилади. Немцов учун ҳаммаси худди мана шу лаҳзалардан бошланганди ва унинг бу қарори кейинги ҳаётини белгилаб берди. Аммо Борис ҳали бундан мутлақо бехабар эди. Шундай қилиб, қаҳрамонимиз ишга киришади. У онаси айтганидек, ҳудудда ядровий қозонхона қуришнинг оқибатлари ва бу объектнинг аслида керак эмаслиги ҳақида мақолалар ёза бошлайди. Масала ўз соҳасига оид бўлганлиги сабабли Немцовнинг мақолалари илмий асослантирилган ва бу кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортаётганди. У жуда қисқа вақт ичида маҳаллий аҳоли орасида танилиб улгурди. Унинг мақолалари ва қаршилик ҳаракатлари маълум вақтдан сўнг ўз натижасини кўрсатди ва тез орада Немцов атрофида атом иссиқлик таъминоти заводи қурилишига қарши бўлган одамлардан ташкил топган чинакам армия тўпланди. Ҳукумат эса бундай қаршилик ўқини четлаб ўта олмади ва объект қурилиши тўхтатилди. Мамлакат миқёсидаги бутун бошли катта стратегик объект қурилишига қарши курашдаги ғалаба Борис Немцовнинг халқ орасидаги обрўйини кескин ошириб юборди. 1980-йиллар охирида илм-фан соҳасида бирин-кетин муваффақият қозониб келаётган ёш олимнинг тақдири шу нуқтада бошқа томонга йўналиш олди. Ўғлини ядровий объектга қарши илмий жиҳатдан курашишга жалб қилган Дина Немцова уни ўзи билмаган ҳолда сиёсий майдонга ташлаганди. Бўлиб ўтган воқеалардан кейин машҳурликка эришган Борис Немцов 1989 йилда СССР депутатлигига номзод сифатида кўрсатилиш даражасига ҳам борди. Онаси эса дастлаб бунга ҳар томонлама қаршилик қилишга уринди. Дина ўз ўғлини шафқатсиз сиёсий майдонга киришини истамасди. Аммо Борис айтганидек энди жуда кеч эди ва поезд жўнаб бўлганди. У аллақачон сиёсат чангалзори ичида эди.
Кремлга беихтиёр ташриф
1989 йилда “Атом хавфсизлиги” номли минтақавий ташкилот Борис Немцовни СССР халқ депутатлигига номзод сифатида кўрсатади. Аммо сайлов комиссияси вакиллари негадир Немцовни рўйхатга олишмайди. Физик олим учун сиёсий майдондаги дастлабки кунлар омадсиз келди. Шундай бўлишига қарамай, у эндигина бошлаган фаолиятини тўхтатишни истамайди. Ёш интилувчан сиёсатчи 1990 йилда “Демократияга номзодлар” номли янги сиёсий бирлашмани тузишда фаол иштирок этиб, ўз сайлов кампаниясини юритишга киришди. Натижада эса Немцов сайловларда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди ва РСФСР халқ депутатига айланди. 1991 йил эса Борис учун сиёсий кариьерасидаги бурилиш нуқтаси бўлди. Бу пайтга келиб СССР чок-чокидан сўкилиб бўлган, барча босиб олинган ерларда мустақиллик яқин ва улар ўз миллий давлатларининг президентларини сайлаш арафасида эди. Россиянинг ўзида ҳам СССР қолдиқларидан воз кечилиб, мустақил Россия Федерацияси Президентини сайлаш жараёни бошланганди. Ёш депутат Борис Немцов эса бу орада Россия президентлигига асосий номзодлардан бири Ельциннинг ишонган одамига айланиб улгурганди. 1991 йилнинг 12 июнидаги сайловда кутилганидек Ельцин ғалаба қозонди ва бу Немцовнинг кейинги фаолиятида ҳал қилувчи роль ўйнади. Жумладан, шу йилнинг 30-ноябрида Немцов Нижний Новгород вилоятига губернатор этиб тайинланиб, мамлакат миқёсида шундай юқори лавозимни эгаллаган энг ёш раҳбарга айланди. Вилоят губернаторлиги даврида у анча муваффақиятли лойиҳаларни амалга оширишга муваффақ бўлди. Хусусан, ҳарбий хизматчиларнинг турмуш шароитини яхшилаш бўйича ишлаб чиқилган махсус дастур, “Халқ телефони” ва қишлоқларни газлаштириш каби ишлари шулар жумласидандир. 1991 йил декабрь ойида у машҳур ва тажрибали иқтисодчи Григорий Явлинскийни минтақада иқтисодий ўзгаришларни ташкил қилиш учун Нижний Новгород вилоятига таклиф қилди. Кейинги йили Явлинский “Иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар маркази” тадқиқот институтига раҳбарлик қилиб, Немцов билан биргаликда минтақавий ислоҳотларнинг кенг кўламли дастурини ишлаб чиқди. 1995 йилда Нижний Новгород вилоятида бўлиб ўтган губернаторлик сайловларида Немцов иккинчи муддатга қайта сайланди. Бу пайтга келиб Борис Немцов илғор ислоҳотчи сифатида каттагина обрўга эга бўлиб улгурганди. Айнан шу йили Немцовнинг машҳурлигини янада орттирган воқеа содир бўлди. У телеканалларнинг биридаги жонли эфир вақтида Владимир Жириновский билан жанжаллашиб қолгани туфайли медиа юлдузга айланди. “Яккама-якка” дастурида марҳум ЛДПР партияси раиси Немцовга стакандаги шарбатни сепиб юборади. Ўз навбатида Немцов ҳам тийиқсиз сиёсатчига нисбатан худди шундай жавоб беради. Кўрсатув бошловчиси Александр Любимов зудлик билан эфирни тўхтатади. Шу ва бошқа воқеалар ортидан Немцовнинг машҳурлиги ва обрўси кун сайин ортиб борар, бу йўл эса уни борган сари Кремль томон яқинлаштирарди. Чунки Немцов соат сайин заифлашиб бораётган Ельцин ҳокимияти учун жуда керакли шахс эди. 1997 йилнинг бошларида Ельцин Немцовни Нижний Новгороддан Москвага кўчириб келишга қарор қилади. Уни бунга кўндириш вазифаси эса Ельциннинг қизи Татьяна Дяченкога топширилади. Шу мақсадда 1997 йил март ойида махсус кортеж Москвадан Нижний Новгородга қараб йўл олади. Дяченко ўтирган кортеж Владимир ва Нижний Новгород вилоятлари чегарасини кесиб ўтаётган маҳалда Борис Немцовга мазкур ташриф ва унинг мақсади марказий ҳокимият кланидаги каналлар орқали етказилади. Ёш губернатор бундай кутилмаган воқеадан ҳайрон қолади ва Ельциннинг қизи билан бир неча дақиқалардан сўнг бошланадиган учрашувга тайёрланади. Аммо у Москвага боришни ич-ичида истамасди ва Кремлда юқори лавозимда ишлаш мақсади йўқ эди. Маълум вақтдан сўнг Татьяна Дяченко Немцовнинг кабинетига етиб келади ва уларнинг музокара кўринишидаги суҳбати бошланади. Уларнинг музокаралари тун бўйи давом этади. Суҳбат давомида Татьяна Немцовни Кремлга келиши кераклиги ва бу отаси мамлакат Президенти шахсан Борис Ельциннинг таклифи эканлигини айтади. Дастлаб Немцов буни қатъий рад этади. У Москвада юқори лавозимда ишлаш таклифига шу тарзда жавоб беради:
“Таня, ростини айтсам, мен у ерда ишламоқчи эмасман. Ҳукумат, у ердаги лавозим ғирт отишманинг ўзи. Мен Москвани яхши билмайман ва сизнинг барча ҳийлаларингизни ҳам яхши тушунмайман. Умуман олганда, сизнинг урф-одатларингиз менга ёқмайди”.
Аммо Татьяна Дяченко бўш келмайди. У нима қилиб бўлса ҳам Немцовни кўндириши ва отаси Ельциннинг бошқарувдаги юкини енгиллаштириши лозим эди. Жуда узоқ давом этган суҳбатдан сўнг у Немцовни кўндириш калитини топади.
“Сиз вилоят бошқарувида қийинчиликларга дуч келганингизда отам сиздан ёрдамни аямади. Ҳозир у ўзини жуда ёмон ҳис қилмоқда ва устига устак йил бошида Борис Николаевич юрак хуружига ҳам учради. Энди унга ёрдам бериш навбати сизда”.
Бу сўзлар Немцовга қаттиқ таъсир қилади ва шу кунгача бўлган фаолияти давомида Ельциннинг қилган яхшиликларига кўз юма олмайди ва Кремлга қараб йўл олишга мажбур бўлади.
Оқ шимли Бош вазир ўринбосари
Олий ҳокимиятнинг бош қароргоҳи бўлганидан буён иқтидор учун курашларда сон-саноқсиз сиёсатчиларнинг қурбонлигига гувоҳ бўлган Кремль 1997 йилда ўзининг навбатдаги қурбонини кутарди. Ельциннинг қизи Татьяна Дяченконинг муваффақиятли музокаралари ортидан Борис Немцов Москвага истар-истамас етиб келди. Унга дарҳол Бош вазир ўринбосари лавозими ишониб топширилди. Виктор Черномирдин ҳукуматида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари мансабини эгаллаган Немцов ўзининг янги ишида ижтимоий блок, уй-жой коммунал хўжалиги, уй-жой сиёсати, энергетика ва табиий монополиялар соҳасини назорат қилишни бошлади. Аммо Ельциннинг ёш ислоҳотчиси ва ҳатто унинг давомчиси сифатида ҳам кўрилган Немцов бу соҳаларда, хусусан энергетика ва табиий монополиялар масаласида деярли ҳеч нарсани амалга ошира олмайди. Сабаби у шу соҳаларни бошқариш учун Бош вазир ўринбосари постига келишидан олдин ҳаммаси ҳал бўлиб улгурганди. Назорат қўлдан чиққан, ҳокимият эса бир тўда олигархлар тўдаси билан жипслашиб кетганди. Кўплаб манбаларда Россиядаги бошқарув бундай ҳолатга тушиб қолишида 1996 йилги президентлик сайловлари муҳим роль ўйганлиги айтилади. Ўша пайтда Ельцин коммунистлар номзоди Геннадий Зюгановнинг кучли синовига дуч келади ва Ельциннинг қайта сайланиш кампаниясини молиялаш жиддий заруратга айланади. Ельцин Зюгановнинг тўсиғидан эсон-омон ўтиб, иккинчи бор президентликка сайланиб олгач, сайловолди компаниясида кўрсатилган хизматлар эвазига инвесторларга нуфузли давлат лавозимлари ва хусусийлаштирилаётган компанияларни танлашга рухсат берилди. Немцов ҳукумат ва йирик бизнес ўртасидаги бу муносабатлар Россияда пайдо бўлган янги бозор муносабатларини бузиш билан бирга ҳукуматни аҳоли олдида ҳаддан зиёд обрўсизлантирган. Мана шу каби ҳолатлардан сўнг охир-оқибат, Ельцин кабинетининг ёш сиёсатчилари Анатолий Чубайс ва Борис Немцовларнинг ният ва мақсадлари асосан қоғоз билан чегараланиб, олигархларнинг чекланмаган таъсири туфайли буткул тўхтаб қолган. Шу кетишда Россия сув ёқалаб, катта тезликда дефолт жарлигига одимлаётганди. Мазкур жараёнлар фонида Ельцин ҳукуматни яна ўзгартиришга қарор қилади. У Черномирдинни ишдан олиб, ўрнига Сергей Кириенкони Бош вазир этиб тайинлайди. Ижроия ҳокимиятдаги катта ўзгаришларга қарамай, Немцов ўз ўрнида ишлашда давом этади. Аммо Кириенко бошчилигидаги ҳукуматнинг қўлидан ҳам ҳеч нарса келмайди ва 1998 йилнинг августида Россияда жуда йирик иқтисодий инқироз – дефолт расман рўй берди. Мамлакат ўз кредиторлари олдидаги ички ва ташқи қарзларини тўлай олмаслигини маълум қилди. Дефолтдан бир неча кун ўтгач, Кириенко ҳукумати ишдан бўшатилди. Ундан бироз ўтиб эса Немцовнинг ўзи истеъфога чиқиш тўғрисида ариза беради ва Ельцин унинг ишлашда давом этиши мумкинлигини билдирганига қарамай Борис Немцов кетишга жиддий қарор қабул қилиб бўлганди. Бош вазир ўринбосари лавозимидаги 1 йилдан бироз кўпроқ давом этган нурсиз фаолияти Немцов учун сиёсий карьерасидаги энг самарасиз давр бўлишига қарамай, у кейинчалик баён қилган хотираларида бундан ҳеч қачон афсусланмаслигини ҳамда мазкур вақт давомида у бутун умрга татигулик тажриба орттиргани ҳақида сўзлайди. Аммо бутун омма учун Немцовни ўринбосарлик лавозимида қандай сиёсат юритгани эмас, балки у Озарбайжоннинг ўша пайтдаги президенти Ҳайдар Алиевни Россияга ташрифи чоғида аэропортда қандай кийим ва ғалати кўринишда кутиб олгани эсда қоларли бўлган. Бу воқеа Немцов Виктор Черномирдин ҳукуматида ишлашни бошлаган пайтда содир бўлган. Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев Москвага ташриф буюриши режалаштирилган ва уни Внуково аэропортида кутиб олиш учун нисбатан юқорироқ лавозимдаги мулозим чиқиши керак эди. Аммо ушбу мартабали меҳмонни аэропортда кутиб олиш одатий иш кунида ўз кабинети томон оқ шим ва футболкада йўлга чиққан Немцовнинг ҳаёлида ҳам йўқ эди. Шу пайтда тўсатдан Бош вазир Черномирдин унга қўнғироқ қилиб, зудлик билан Внуковога бориши ва Алиев билан учрашишни буюради. Немцов жуда қийин аҳволда қолади ва Виктор Черномирдинга оқ шим ва футболкада эканлиги ҳамда унинг ўрнига шериги Анатолий Чубайсни юборишни таклиф қилади. Аммо Черномирдин телефон орқали Немцовга “агар сиз шортикда бўлмасангиз ҳаммаси жойида. Чубайсга келадиган бўлсак, биз унга бошқа вазифаларни топширдик”, дейди. Немцов зудлик билан йўналишини ўзгартиради ва машина аэропортга қараб йўл олади. Вақт жуда тиғиз бўлиб, унинг ихтиёрида уйга ёки бирон бир кийим дўконига кириб, уст-бошини алмаштириб олиш учун умуман имконият йўқ эди.
“Аэропортга келиб, Ташқи ишлар вазирлиги ходимларига қараганимда, улардан бирон бир костюмни ҳам қарзга ололмаслигимни англадим. Чунки амалдорлар жуда кичкина эди. Менда қоровулнинг тилла тугмали курткасини ечиб, ўтиш жойига боришдан бошқа чора қолмади”, дея эслайди бу воқеани Немцов ўз китобларининг бирида.
Ҳайдар Алиев қора жун костюм, оқ кўйлак ва қора галстукда самолёт трапидан тушиб келади. Уни дипломатик протоколга мутлақо зид тарзда кийинган оппоқ шим ва курткадаги Борис Немцов қарши олади. Алиев уни қучоқлаб, оҳиста оҳангда “мен Совет давридан бери бу аҳмоқона протоколга қаршиман”, дея Немцовнинг кўнглини кўтариб қўяди.
Номаълум разведкачи билан юзлашиш
1998 йил июль ойида Борис Ельцин Путин исмли кўримсиз ва оммага нотаниш бўлган хавфсизлик ва разведка ходимини Федерал хавфсизлик хизмати – ФСБ директори этиб тайинлайди. Бу тайинлов бутун мамлакат бўйлаб кончиларнинг иш ташлаши давом этаётган пайтга тўғри келди. Узоқ вақтдан буён маошлари тўланмаган меҳнаткашлар мамлакат бўйлаб темирйўлларни блокировка қилганди. Давлатнинг иқтисодий аҳволи учун муҳим объект ҳисобланадиган темирйўлларнинг фалажланиши Ельцин ва унинг маъмуриятини қаттиқ хавотирга солади. Масала ўзининг энг жиддий нуқтасига етганда бу муаммони ҳал қилиш Ельциннинг ишонган тоғи Борис Немцов гарданига тушади. У Бош вазир ўринбосари сифатида вазиятни ҳал этиш бўйича комиссияга раҳбарлик қилади. Немцов фавқулодда йиғилиш чақириб, унга барча хавфсизлик ходимлари қатнашишини буюради. Мамлакатдаги беқарор вазият фонида ўтказилаётган йиғилишга Немцов буйруғига биноан ҳамма келади, ФСБнинг янги директори Путиндан ташқари, албатта. Йиғилишдан олдин Путин Немцовга қўнғироқ қилиб, уни шокка туширади. У ити касал бўлиб қолгани учун фавқулодда йиғилишга бора олмаслигини айтади. Бу гап Немцовни ақлдан оздиради ва узоқ вақт ўзига кела олмайди. Кечагина ФСБ директори этиб тайинланган ном-нишонсиз бир раҳбардан бундай сўзларни эшитиш узоқ йиллардан буён Россиянинг Ельциндан кейинги президенти дея тахмин қилинувчи Немцов учун ғирт ҳақорат эди. Кейинчалик Борис Немцов ўз хотираларида акс этган китобларининг бирида Путиннинг ўша кунги масъулиятсизлиги учун телефонда қақшатқич ҳақоратли сўзларни ёғдиради. Унинг таъкидлашича, ўшанда қанчалик сўкинганини ўзи ҳам эслай олмайди, аммо бу ҳақоратли сўзлар ёмғири Путиннинг эсидан чиқмагани аниқ. Немцов ўз хотираларида бундан ташқари Путин билан бўлган яна бир қизиқ суҳбатни ёдга олади. Буниси ҳаммасидан-да қизиқ. Кунлардан бир кун Путин Президент маъмуриятида мансабдорларни тафтиш қилишга масъул ходим сифатида Немцовга шериги Анатолий Чубайс бўлимидаги тартибсизлик, ўғрилик ва коррупция ҳукм сураётганлиги ҳақида маълумотнома юборади. Ва айёр Путин ушбу махфий маълумотнома сўнгида “мен сизнинг ихтиёрингиз билангина хабар бераман”, деган жумлани қўшиб қўяди. У бундай ҳолатни бир неча бор такрорлайди. Путиннинг бундай ёндашувидан жаҳли чиққан Немцов унга қўнғироқ қилиб, “ўғрилик ва коррупция содир бўлаётган бўлса, Чубайс ва унинг атрофидагиларнинг ҳаммаси фирибгар бўлса нега жиноят ишини қўзғатиш керак деб эмас, сизнинг ихтиёрингиз билан хабар бераман деб ёзасиз? Буни қандай тушуниш мумкин?” дейди. Путин эса узоқ ўйланиб ўтирмай Немцовнинг бу саволига хотиржамлик билан “сиз хўжайинсиз, қарорни сиз қабул қиласиз”, дея жавоб қайтаради. Немцов эса Путиннинг бу сўзларини хавфсизлик ходимининг классик ҳаракатлари намунаси дея таърифлайди. Мазкур суҳбат эса Россиянинг бугунги амалдаги Президенти Владимир Путин элитар коррупция ва жиноятларга нисбатан ўша пайтларда ҳам унчалик жиддий қаршилик қилмагани ва буни нормал қабул қилганидан дарак беради.
Автократ билан 15 йиллик “жанг”
1998-99 йиллар. Россия учун узоқ ва яқин тарихдаги энг ёмон ва ўта омадсиз келган йиллар. Россия сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан қулаб улгурган ушбу қисқа даврда Ельцин ҳокимиятни ўзи ишонган ва муносиб деб ҳисобловчи ворисга ишониб топшириши керак эди. XXI асрдаги Россия тақдирини белгилаб берувчи қарорида Борис Ельцин ўзининг узоқ йиллик суянчиғи бўлган Немцовга эмас, балки кенг жамоатчиликка деярли номаълум бўлган разведкачи Владимир Путинга мурожаат қилди. Немцов эмас, аксинча Путинга ҳокимиятни топширишда таҳлилчилар бир қатор сабабларни келтиришади. Шундай омиллардан бири эса Ельцин ҳокимиятдан кетгандан сўнг у учун “хавфсизлик ёстиқчаси”ни кафолатлайдиган шахс керак бўлганлигидир. Бунда Путин Ельцин кўз ўнгида муқобили йўқ вариант бўлиб кўринганлик эҳтимоли юқоридир. Ўз ўрнида Немцов ҳам бунга деярли эътироз билдирмаган. Энг қизиғи, у 1999-йил августида номаълум эски КГБ аъзоси Владимир Путиннинг Россия ҳукумати раиси этиб тайинланиши ҳақида ижобий фикр ҳам билдиради. Ҳатто Немцов уни самарали, тажрибали ва ақлли одам ҳам деб таърифлайди. “Ўнг кучлар иттифоқи” партияси ташкил этилгандан сўнг, Немцов Путинни 2000 йилги Россия президентлик сайловларида қатнашмоқчи бўлган барча номзодлар орасида энг муносиб одам деб атади. Немцов ўзининг “Исёнчининг эътирофи” китобида бу воқеани шундай эслайди:
“Беш кишимиз – Кириенко, Чубайс, Гайдар, Хакамада ва мен. Дастлаб, мен ва Хакамада Путинни қўллаб-қувватлашга қарши чиқдик. Қолганлар эса у учун овоз берди. Ҳисоб 3:2 Путин фойдасига. Сайловга бир неча ой қолганда, вақт босими остида Путиннинг номи пайдо бўлди. Ельцин Примаковга, Лужковга, Черномирдинга ишонмади. Атрофдагилар уни ишонтиришди: бизга унинг шахсий хавфсизлигини таъминлайдиган президент керак. Унинг атрофидагилар янги президентнинг мамлакатни қаерга олиб бориши ҳақида ўйлашмади. Шунинг учун улар ўз манфаатларига мос келадиган номзодни танладилар. Атрофдагилар ўзларига ҳамма нарсадан қарздор бўладиган, ўз сўзида вафо қиладиган ишончли одамни излашарди”.
Бу орада эса Борис Немцов ижроия ҳокимиятни тарк этиб, “Ёш Россия” ҳаракатини тузганди. У 2000 йил 1 мартда Россия парламенти раисининг ўринбосари этиб сайланди. Мазкур давргача ҳаммаси яхши кетаётганди. Аммо 2003 йил декабрь ойида “Ўнг кучлар иттифоқи” сайловларда сайловчилардан керакли ёрдамни олмасдан Давлат Думасига кирмади. 2004 йилда Немцов сиёсий кенгашнинг бошқа ҳамраислари билан бирга истеъфога чиқди ва бу қадамни сайловлардаги муваффақиятсизлик билан изоҳлади. Путин автократияга ошкорона тарзда оғишаётганини кўрган Немцов Россиядаги барча либерал кучларни бир том остида бирлаштириб, мамлакатдаги демократик тузумни сақлаб қолишга киришди. Фақат сал кейинроқ. Бунгача у Киев-руси цивилизациясининг ўчоғи – Украинада қизғин фаолият олиб борди. 2004 йилдан бошлаб у Украина сиёсатида ҳам жуда фаоллашди. Немцов Украинадаги президентлик сайловлари кампаниясида Виктор Юшченкони қўллаб-қувватлади. Юшченконинг рақиби Янукович эса Кремль соясида ўз сайловолди ташвиқотини олиб борди. Бу Немцов ва Путиннинг илк очиқдан очиқ тўқнашуви эди. Тўқ сариқ инқилоб деб номланган воқеага айланиб кетган бу жараён пайтида Борис Немцов Юшченкони қўллаб-қувватлаган кам сонли россиялик сиёсатчилардан бирига айланди ва у Киевга кўп марта ташриф буюриб, Юшченко учун митингларда нутқ сўзлади. 2004 йил кузида Немцов Украинадаги “тўқ сариқ инқилоб” тарафдорларини тўлиқ қўллаб-қувватлади. У Киевдаги Майдан Незалежности намойишларида қатнашиб, Украина ҳуқуқининг ғалабасини олқишлади. Мамлакатнинг бош майдонида ушбу чиқишлар орқали Немцов Украина фуқароларига анчагина таъсир ҳам ўтказишга эришди. Немцов ўз чиқишларида Россия Федерациясида ҳам шунга ўхшаш ҳаракатларни амалга оширишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлади. Аммо бу қараш кейинчалик унинг оёғига болта урди. Бу кўпинча Россия Федерациясида уни фаол танқид қилиш учун сабаб бўлди. Чунки постсовет мамлакатларида бир қатор беқарорликларга сабаб бўлган рангли инқилобларни ёқлаш бу ердаги ҳеч бир сиёсатчи учун ёрқин келажакни кафолатламасди. Шундай бўлишига қарамай, Немцов ўз йўлидан кетишда давом этди. У бу орада 2005 йилдан 2006 йилгача Украина Президентининг мустақил маслаҳатчиси бўлиб ишлади. 2007 йилдан бошлаб у Россия сиёсатида яна фаоллашди. Шу йили декабрь ойида Немцов “Ўнг кучлар иттифоқи” номидан Россия Федерацияси Президенти лавозимига ўз номзодини қўйди. Аммо унга нисбатан хайрихоҳ фуқаролар овоз берувчиларнинг ҳатто 1 фоизини ҳам ташкил қилмади. Немцов манзилига танқидлар довули ёпирилди ва сайлов учун рўйхатдан ўтган санасидан 1 ҳафта ўтиб ўз номзодини қайтариб олди. 2008 йилда “Ўнг кучлар иттифоқи”даги аъзолигини тўхтатган тиниб-тинчимас сиёсатчи янги ташкил этилган “Бирдамлик” демократик ҳаракати сиёсий кенгашининг федерал бюросига қўшилди. 2009 йил март ойида Сочи мери сайловларида номзод сифатида иштирок этиш ниятини эълон қилди. У мерликка номзод сифатида муваффақиятли рўйхатдан ўтди, бироқ “Ягона Россия” вакили Анатолий Пахомовга бу баҳсда имкониятни бой берди. Аммо сиёсий карьераси ортда қолган 10 йил ичида омадсизликлар билан тўлган бўлишига қарамай, Немцовнинг тўхташ нияти йўқ эди. У 2010-йилда “Путин кетиши керак” деган мурожаатни имзолаган биринчи мухолифат вакилларидан бири бўлди. 2010 йил 31 декабрда Немцов Триумфальная майдонидаги митингда нутқ сўзлаганидан кейин полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинади. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари Немцовни жамоат тартибини бузганликда айблашиб, уни 15 кунга ҳибсга олишади.
У ўша пайтда Путинга қарши судга даъво қилган ягона сиёсатчи эди. Бунга эса Путиннинг Немцовга қилган туҳмати сабаб бўлганди. Мазкур воқеа Путин кўзбўямачилик билан президентлик курсисини Медведевга топшириб, ўзи номигагина Бош вазир бўлиб юрган пайтларда содир бўлганди. У 2010 йил декабрида Россия телевидениеси орқали жонли нутқида, “олдиндан танлаган ва тайёрланган фуқароларнинг бир қатор қизиқарли саволларини ўқиб, Немцов, Рижков, Милов ва бошқалар нимани хоҳлайди?”, деган саволга “Пул ва куч, улар яна нима хоҳлаши мумкин?!” деб жавоб беради. У ўз сўзини давом эттириб, “бир вақтлар улар бўрон кўтаришди, 90-йилларда улар Березовскийлар ва ҳозир қамоқда ўтирганлар билан бирга кўп миллиардларни совуришди. Улар қайтиб келиб, чўнтакларини тўлдиришни хоҳлашади. Аммо менимча, агар биз уларга бунга рухсат берсак, улар энди ўзларини алоҳида миллиардлар билан чеклаб қўймайдилар, улар бутун Россияни сотиб юборишади”, деганди. Немцов эса Путиннинг ушбу чиқишидан сўнг унинг устидан судга мурожаат қилиб, Путин берган маълумот ва баҳо ҳақиқатга тўғри келмаслигини даъво қилди. Аммо 2011 йил февраль ойида даъво рад этилди. Суд “мухолифат нимани хоҳлаётгани” ҳақидаги савол Немцов, Рижков ва Миловнинг шахсиятига тааллуқли эмас, балки умумий хусусиятга эга ва Путиннинг умумий муносабатини аниқлашга қаратилган деган аргумент билан ишни секингина ёпади. Шу пайтдан бошлаб умрининг қолган 5 йили Немцов учун жуда оғриқли бўлади.
Кремль ҳавосидан олинган сўнгги нафас
Бу пайтга келиб Немцовга федерал телеканалларга кириш тақиқланганди. Аммо курашга чанқоқ сиёсатчи умрининг сўнгги йилларида сиёсатдан тўйиб нафас олишга бир қадар муваффақ бўлди. У 2013–2015 йилларда вафотигача Ярославль вилоят думаси депутати бўлиб фаолият олиб борди. Россия сиёсатидаги узоқ йиллик муваффақиятсизликлардан сўнг, у яна Украина учун ўзини бахш этади. У 2013 йил декабрь ойида Украина келажагини барбод қилган Кремль ва Путиннинг малайи – Виктор Януковичга нисбатан Украинада бошланган норозилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Немцов бу масалада худди 10 йил олдинги каби демократик кучлар томонида турди. У Украинанинг Россиядаги элчихонаси биноси олдига “Украина, биз сен биланмиз!” сўзлари битилган баннер билан чиқди. Мазкур Майдан воқеаларидан сўнг, Украинада ҳокимият алмашиб, Путин Киевдаги содиқ қулидан айрилгандан сўнг ушбу давлат борасида янада жиддий ва агрессив қарорлар қабул қилиш йўлига ўтади. У бу воқеалардан бироз вақт ўтиб, тўғридан тўғри Украинанинг ҳудудий яхлитлигига рахна солди. 2014 йилда Қрим ноқонуний равишда аннексия қилинди. Немцов эса бунга жон-жаҳди билан қаршилик қилди ва 2014 йил август ойида Россия ҳарбийларига мурожаат қилди.
“Исталган вақтда сизни Украина билан жанг қилиш учун юборишлари мумкин (баъзилари аллақачон юборилган). Путин, Олий Бош Қўмондон сифатида, Украина шарқидаги ҳарбий ҳаракатларда қуролли кучларнинг иштироки ноқонуний эканлигини жуда яхши билади. Сиз ватанни душманлардан ҳимоя қилишга, қардошлар билан жанг қилмасликка қасамёд қилдингиз. Украина билан уруш – бу даъво муддати бўлмаган жиноятдир”.
Украинага қарши уруш – Немцов ва Путиннинг тўқнашувларини янада жиддий тус олишига ва охир-оқибат буларнинг барчаси трагик якун билан ниҳоясига етишига сабаб бўлди. Борис Немцов Путиннинг Украинага очган урушига нисбатан ўз позициясини мураккаблаштириб борди. Бу эса унинг ўлимини тезлаштирди. Вафотидан бир неча ой олдин Озодлик радиосига берган интервьюсида у шундай деди:
“Мен Путиннинг Украинага қарши урушини ҳақиқий жиноят деб биламан. Мен дарҳол айтмоқчиман: бу Россия ва Украина ўртасидаги уруш эмас. Мен бу таърифга қаршиман. Бу Путиннинг уруши. Мутлақо беадаб, ёлғончи, қонли ва биродарлик уруши. Қардош Украина халқига қарши уруш. У нима учун жанг қилгани ҳам аниқ. Унинг мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам амалга ошираётган барча ҳаракатлари бир мақсадни амалга оширишга қаратилган. Бу ҳокимиятни ҳар қандай ҳолатда ҳам сақлаб қолиш мақсадидир”.
2015 йилга келиб Россиядаги мухолифат турғун ҳолатда эди. Шу йилнинг бошида янги ташкил этилган “Демократик коалиция” доирасида марш ўтказишга қарор қилинди. Ўша пайтда турғун мухолифатни ва турли одамларни бирлаштирадиган қандайдир катта кўча тадбири ўтказиш заруратга айланганди. Немцов шундай ишга қўл урди ва мазкур тадбирни “Баҳор марши” деб номлади. Марш 1 март куни бўлиб ўтиши режалаштирилганди. Бу унинг ҳаётидаги энг сўнгги қарори ва лойиҳаси бўлиб қолди. Аммо унда шахсан қатнашиш ўзига насиб қилмади. 2015 йил 27 февраль куни соат Москва вақти билан чамаси соат 20:30 ларда Немцов “Эхо Москви” телеканалидаги кўрсатувда қатнашиб, Россия Президенти Владимир Путиннинг Украина шарқида уруш бошлагани учун жавобгарлиги ва Россия ҳукуматидаги коррупция ҳақида гапирди. Кейин у Қизил майдондаги кафеда ўзининг ўша пайтдаги янги маъшуқаси украиналик 23 ёшли модель Анна Дуритская билан учрашади. Ёлланма қотиллар бу вақт мобайнида нишонни изма-из кузатиб боришади. Шу куни Москва вақти билан соат 23:31 да Кремль яқинидаги “Большой Москворецкий” кўприги бошига етганда тўппончадан отилган 6 та ўқ ўз нишонининг ҳаётига нуқта қўяди. Шу лаҳзада Немцов билан бирга Россия демократиясининг сўнгги томчиси ҳам тугаб битди. Унинг ёнидаги Анна Дурицкаяга эса зарар етказилмайди, аммо ёш маъшуқа ҳолат тўғрисида ҳеч нимани эслай олмайди. Ўша маҳалда кўприкдаги видеокузатув камералари ишлаётган бўлишига қарамай, тергов томонидан қўлга киритилган ягона видеода қотиллик содир этилаётган лаҳзада жараён ўтиб кетаётган қор тозалагич томонидан тўсатдан тўсиб қўйилган. Жиноятчилар сиёсатчини отиб, оқ машинада қотиллик содир этган жойдан қочиб кетишган. Бу эса маҳаллий кузатув камералари томонидан ёзиб олинган. Россия Президенти Владимир Путин шов-шувли қотиллик “буюртма ва провокацион хусусиятга эга” эканлигини иддао қилди. Орадан бир неча кун ўтиб эса чеченистонлик беш нафар фуқаро қўлга олинди. Ҳарбий судда суд жараёни бир йилдан камроқ вақт давом этди ва 2017 йилнинг июлида якунига этди. Ҳакамлар ҳайъати барчани айбдор деб топди. Жиноятчилар – беш киши 11 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилди. Қотилликда гумон қилинган Заур Дадаев йигирма йил муддатга қамалди. Аммо Борис Немцов оиласи вакиллари тергов хулосасига рози бўлмадилар ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни ва республиканинг турли юқори мартабали амалдорларини бу иш бўйича сўроқ қилишни бир неча бор сўрашган, бироқ уларга ҳар доим рад жавоби берилган. 2015 йилнинг 24 апрелида “Интерфакс” манбасига кўра, бугунги кунда Россия Мудофаа вазирлигининг Кавказ биринчи имоми Шайх Мансур номидаги батальонга раҳбарлик қилиши айтиладиган Руслан Геремеевга ҳам Борис Немцовнинг ўлдирилиши бўйича гумондор мақоми берилган. 2015 йилнинг баҳоридан бери, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Руслан Геремеев БААда яшириниб келган. Тергов эса ҳеч қачон уни сўроққа тута олмади ёки буни хоҳлашмади. ФСБ ходимлари Геремеевнинг яшаш жойига фақат бир марта борган ва кейинчалик ҳисоботда “уйнинг эшигини ҳеч ким очмаган” деб ёзишган. Шундай қилиб Немцовнинг ишига ими-жимида, кремлча услубда ёпинчиқ тўшалди. Аммо кейинчалик 2022 йилда, сиёсатчи ўлдирилганидан 7 йил ўтиб, Bellingcat, The Insider ва BBC журналистлари Немцов ўлдирилишидан бир йил олдиндан бошлаб уни ФСБ билан алоқадор шахс кузатиб борганига оид далилларни аниқлайди. Уларнинг қидирувлари шуни кўрсатдики, Валерий Николаевич Сухарев номидаги паспортга эга шахс Россия бўйлаб камида 13 марта Борис Немцовга эргашган. Аммо Кремль ҳар доимгидек бу даъволарни рад этиб, Россия расмийларининг ушбу далилларда келтирилган фактларга алоқаси йўқлигини айтди. 2023 йил июль ойида эса Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия ҳукумати “қотилликни ким уюштиргани ва буюртма қилганини тўғри текширмаган” ва ушбу ўлимга сабаб бўлиши мумкин бўлган “сиёсий мотивларни” ҳисобга олмаган деган хулосага келди. Шундай қилиб, бугун кўпчилик орадан тўққиз йил ўтиб, Борис Немцовни ўлдиришга буюртма берган парда орқасидаги ҳақиқий қотил ҳалигача топилмаган деб ҳисоблайди. Уларнинг наздида Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари бу қотиллик юзасидан фақат бажарувчиларнигина жазолаган, аммо асл ташкилотчи ҳали ҳануз ошкор қилинмаган. Қилинмайди ҳам. Шарт ҳам эмас. Буни ҳамма билади.
LiveБарчаси