Костенко конидаги портлаш айбдорлари аниқланди
Олам
−
09 Декабрь 2023
4475Жорий йилнинг октябрь ойида Қозоғистоннинг Костенко конида содир бўлган портлашни текшириш бўйича ҳукумат комиссиясининг иши якунланиб, хавфсиз меҳнат талабларини бузишга йўл қўйган 19 нафар масъул шахс аниқланди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Аниқланишича, ёнғин чиқиши ва метан-ҳаво аралашмасининг кейинги портлаши қирғич конвейер элементларининг зарбаси ва ишқаланишидан ҳосил бўлган механик учқундан газ (метан) ёниши оқибатида содир бўлган. Газнинг ўзи эса ётқизилган қатламдан чиқиб кетган”, деб ёзади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Комиссия томонидан саноат хавфсизлиги талаблари бузилиши ҳолатлари ҳам аниқланган.
“Комиссия ишининг натижаларига кўра иш берувчининг 100 фоиз айби борлиги, ишни хавфсиз бажариш талабларини бузган 19 нафар масъул шахс аниқланди”, дейилади хабарда.
Меҳнат қонунчилигига мувофиқ тергов материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган. Бош прокуратурага кўра, ҳозирда коннинг 7 кишидан иборат раҳбарияти ва техник ходимлари кўмир қазиб олишда хавфсизлик чораларини таъминламаганликда гумон қилинмоқда. Улар Қарағанда вилоятининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 октябрь куни эрталаб Қозоғистондаги кўмир конида портлаш содир бўлганди. Фожиа оқибатида 45 киши ҳалок бўлди.
Ҳолат юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми моддаси билан жиноят иши қўзғатилганди.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кондаги портлашдан сўнг, “ArselorMittal Temirtau” билан инвестициявий ҳамкорликни тўхтатишни буюрган. Давлат раҳбари 29 октябрни ҳалокат қурбонлари хотирасига умумхалқ мотам куни деб эълон қилди.
LiveБарчаси