Коронавируснинг Ўзбекистон туризмига таъсири бўйича тезкор тадбирлар режаси қабул қилинади
Жамият
−
05 Март 2020
7470Ўзбекистондаги мутасадди ташкилотлар томонидан коронавируснинг туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилди. Унда туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ташқи таъсир омилини пасайтириш мақсадида ички туризмни ривожлантириш учун қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш, коронавирус қайд этилмаган давлатлардан сайёҳларни жалб қилишга оид қўшимча чоралар кўриш, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш кўзда тутилади. Бу ҳақда бугун, 5 март куни Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигида ўтказилган йиғилишда сўз борган.
Йиғилишда мамлакатга коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси аъзолари иштирок этган. Унда коронавируснинг Ўзбекистон туризм соҳаси ривожига таъсирини ўрганиш ва бу инфекциядан эҳтиёт чораларини кўриш масаласи кўриб чиқилган. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташқилоти экспертлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари хокимларининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари ва ушбу ҳудудлардаги соҳа тадбиркорлари, хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси, Отельерлар ассоциацияси, Ошпазлар, Рестораторлар уюшмалари раҳбарлари ва аъзолари қатнашди.
Мажлисда коронавирус инфекциясининг Ўзбекистонга кириб келиши олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди. Жумладан, эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда юртимизда юқумли касалликлар, жумладан, коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларидаги мавжуд барча санитария-карантин пунктларида қатъий назорат ўрнатилиб, ушбу пунктлар замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминлангани қайд этилди.
Бўлиб ўтган селектор йиғилишида сайёҳларнинг юртимизга келиши жараёнида санитария талабларига тўлиқ риоя қилиш ва турли касалликлардан эҳтиёт чораларини кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Маълумотлар кўра, ўтган йил якунлари бўйича мамлакатда 1500 га яқин сайёҳлик фирмаси ҳамда 1188 та турли даражадаги меҳмонхоналар фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон хориждан 6,7 миллион сайёҳ ташриф буюрган.
Йиғилиш сўнггида коронавируснинг туризмга таъсирини камайтириш борасида тезкор чора тадбирлар режаси қабул қилинишига келишиб олинган.