Одамлар йиғиладиган жойларга боришни камайтиринг. Коронавирусни юқтириб олмасликка оид муҳим кўрсатмалар
Саломатлик
−
05 Март 2020
11868Тошкент вақти билан 5 март куни соат 20:30 да олинган маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирусни юқтириб олганлари сони 96287 кишини ташкил этмоқда. Ундан вафот этганлар эса 3310 нафарга етди. Даволанишга муяссар бўлганлар эса 53457 та.
Шу кунларда кўпчиликда бутун дунё бўйлаб кенг тарқалаётган коронавирус инфекцияси билан боғлиқ қатор саволлар туғилмоқда. Қуйида тиббиёт фанлари доктори, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори Ботир Тожиев айрим саволларга жавоб берган.
КОРОНАВИРУС ЮҚИШИ ВА БЕЛГИЛАРИ ҚАНДАЙ?
– Коронавирус инфекциясининг яширин даври 2 кундан 14 кунгача давом этади. Ҳозирги кунда вирус тарқалиши асосан одамдан одамга яқин алоқа оқибатида юз бермоқда. Унинг аломатлари иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳисобланади.
Вирусни барча ёшдаги одамлар юқтириши мумкин. Ёши катта, сурункали касалликка йўлиққан, иммунитети заифлашган одамларда касаллик оғирроқ кечиши мумкин. Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва дунё давлатлари мутахассислари ушбу вирусга қарши янги вакцина ва даволаш методларини яратиш устида фаол ишлашмоқда.
ХАСТАЛИКДАН САҚЛАНИШДА ҚЎЛЛАРНИ ЮВИШ МУҲИМ ЎРИН ТУТИШИ ТЎҒРИМИ?
– Тўғри. Қўлларни тез-тез ва совун билан яхшилаб сувда ювишнинг аҳамияти беқиёс. Бундан ташқари, спирти дезинфекциядан фойдаланиш ҳам зарар қилмайди. Овқат қилиш давомида ҳамда ундан олдин ва кейин, шунингдек, овқатланишдан олдин, уй ҳайвонлари олдидан қайтганда ҳам қўлларни ювишни унутмаслик керак. Айни кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бутун аҳолига қўл ювишнинг аҳамияти ҳақила sms хабарлар тарқатилаётганлигининг сабаби ҳам ана шунда.
КОРОНАВИРУСНИ ЮҚТИРИБ ОЛМАСЛИК ЁКИ УНИНГ ХАВФИНИ КАМАЙТИРИШ УЧУН ЯНА ҚАНДАЙ ЭҲТИЁТ ЧОРАЛАРИНИ КЎРИШ КЕРАК?
– Аввало, шамоллаш ёки грипп аломатлари кузатилган одамлар билан яқин алоқа қилишдан тийилинг. Юзни қўл билан ушламанг. Имкон қадар бозор, вокзал, катта дўконлар каби одамлар йиғиладиган жойларга боришни камайтиринг. Йўталганда, бурун қоққанда ва аксирганда оғиз ва бурнингизни беркитинг. Касалликнинг илк аломатлари кузатилганда, уйда қолинг ва дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.
ИНФЕКЦИЯДАН САҚЛАНИШ МАҚСАДИДА ҲИМОЯ НИҚОБИНИ ТАҚИБ ЮРИШ ҚАНЧАЛИК ЗАРУР?
– Биласизми, сизда йўтал, нафас олишда қийналиш каби респиратор инфекция аломатлари кузатилса, шунингдек, тиббиёт ходими сифатида инфекция аломатларига эга беморга қараётган бўлсангиз ёки бориб кўрсангизгина тиббий ниқобни тақиб юришингиз мумкин. Респиратор инфекцияси аломатлари мавжуд бўлмаган барча ҳолатларда ҳимоя ниқобларини тақиб юришга зарурат йўқ.
ИНФЕКЦИЯДАН САҚЛАНИШ МАҚСАДИДА ОВҚАТ ТАЙЁРЛАЁТГАНДА ҚАНДАЙ ЭҲТИЁТ ЧОРАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИШ КЕРАК?
– Аввало, овқат тайёрлаётганда, хом гўшт ва тайёр овқатни кесиш учун алоҳида чопиш тахталари ва пичоқлардан фойдаланиш зарур. Гўшт ва сут маҳсулотларини ушлагандан кейин қўлларни яхшилаб ювиш муҳим ўрин тутади. Гўшт маҳсулотларини яхшилаб пишириш лозим. Хом ёки чала қайнатилган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилишдан сақланинг.
САФАРГА ЙЎЛ ОЛГАНДА КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИДАН САҚЛАНИШ УЧУН НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ КЕРАК?
– Аввало, зарурат бўлмаганда хорижга чиқишдан чекланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Сафарга чиққанда инфекциядан сақланиш учун юқоридаги айтиб ўтилган, умумий гигиеник қоидаларга қатъий риоя қилиши керак. Бунда аввал, қўлларни спиртли нам салфетка ёрдамида тез-тез артиб, совунлаб ювиб туриш керак. Соғлигингиз ёмонлашса, сиз билан сафарга чиққан гуруҳ аъзоларига хабар қилинг ва имкон бўлиши билан шифокорни ҳам хабардор этинг. Шамоллаш ёки грипп аломатларига эга одамлардан йироқ бўлинг, агар юқоридаги аломатлар сизда сезилса, сафарни бекор қилганингиз маъқул.