Коронавирусни ортда қолдирганлар нега 14 кунлик реабилитацияга юборилмаяпти?

Жамият

image

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниб, даво муолажаларини ўтаб, соғайиб чиққан беморлар шифохоналардан 14 кунлик реабилитацияга юборилаётган эди. Аммо сўнгги вақтларда бу анъанага нуқта қўйилди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий баёнот берди. 

“Сўнгги кунларда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаган тиббиёт ходимлари ва даволаниш курсини тугатган беморлар 14 кунлик реабилитация курсларисиз тўғридан тўғри уйларига кузатила бошлангани ҳақида маълумотлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан изоҳ бериб ўтамиз.

Ўзи тўлиқ даволанишдан кейин, вирус организмдан батамом чиқиб кетганидан сўнг 14 кунлик реабилитация амалиёти фақат Ўзбекистонда эҳтиёт чораси сифатида қўлланди, холос. Ҳатто дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам нафақат бу амалиёт, балки коронавирусга чалинганлар ҳам фақат оғир ҳолатлардагина шифохонага ётқизилади, қолган пайт керакли дори-дармонлар тавсия қилиниб, уйда даволаниш буюрилади.

Ўзбекистонда вирусга чалинган ҳар қандай бемор белгиланган муддатда жиддий кузатув остида тўлиқ бепул даволанади. Даволаниш сўнгида вирус бўйича текширувлар манфий натижа берганидан кейин ҳам бу намуналар пойтахтимиздаги СЭОМнинг махсус вирусология лабораторияларида қайта таҳлилдан ўтказилади ва фақат шундан кейингина узил-кесил ташхис қўйилади. Ана шундай такрорий чуқурлаштирилган текширувдан кейингина бемор тузалган ҳамда хавфсиз ҳисобланади.

Ўз навбатида, ушбу беморларни даволаган тиббиёт ходимлари ҳам ана шундай такрорий текширув таҳлилларидан ўтишади.

Энди реабилитация амалиёти тўхтатилганига келсак, тажриба бу амалиётга зарурат йўқлигини кўрсатди. Чунки реабилитацияга вирусдан батамом халос бўлганлар жўнатиларди ва улар орасида касаллик қайталаниш ҳолати ҳам кузатилмади. Шундан кейин бу тажрибадан воз кечилди”, дейилади ССВ баёнотида. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 5154 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 3996 нафари соғайди. Бугунгача қайд этилган ўлим ҳолатлар 19 та.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда реабилитация

Баҳолаганлар

208

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг